Бухоро, Жамият - 18:13 · 21.05.2022

Бухородаги Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалини ўтказиш учун қанча маблағ ажратилгани айтилди

Бухорода 21–25 май кунлари Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали бўлиб ўтиши ҳақида хабар берилганди. Ушбу фестивал юзасидан 21 май куни Бухоро шаҳар ҳокимлигида матбуот анжумани ўтказилди, дея хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, матбуот анжуманида Туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Ботир Шаҳриёров, Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев, «Ҳунарманд» уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев ва Бухоро шаҳар ҳокими Жамол Носиров иштирок этган. Унда ташкилотчилардан тадбир қандай молиялаштирилгани, бунинг учун бюджетдан ажратилган маблағ ва фестивалнинг иқтисодий натижалари борасида савол сўралган.

Хусусан, «Ҳунарманд» уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев ушбу саволга жавоб бериб, молиявий томонлар сир эмаслигини таъкидлади. Ўзбекистонга фестивалнинг хорижий иштирокчилари қанча миқдорда қимматбаҳо металлар олиб киргани борасида маълумот берди.

«Икки бюджет маблағларидан молиялаштирилган. Рақамлари ҳам сир эмас, 14 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилган. Унинг 50 фоизи маҳаллий бюджет ҳисобидан, 50 фоизи республика бюджети ҳисобидан молиялаштирилади. 221 нафар хорижий иштирокчилардан 33 та ритейлерлар бўлиб, уларни Жанубий Корея, Қозоғистон, Россия ва бошқа-бошқа Европа мамлакатларидан алоҳида таклиф қилганмиз. Чунки улар шу каби фестиваллардан ҳунармандчилик маҳсулотларини харид қилиб, ўзининг юртида олиб кетиб сотади. Яъни харид қилганда бизга валюта кериб келади, маҳаллий бюджетга ҳам пул тушади.

Аҳамият берган бўлсангиз, фестиваль майдонида иккита божхона постлари ҳам ташкил қилинган. Улар четдан кириб келган қимматбаҳо заргарлик буюмлари — 22 килограмм кумуш, 10 килограмм тилла — буларнинг ҳаммаси сотиладиган бўлса, ўша ернинг ўзида божхона ходимлари уни расмийлаштиради. Чунки божхонадан декларация билан кириб келган, чиқиб кетаётганлрида муаммо бўлмаслиги учун ҳам ўша ерни ўзида давлат божи ундирилади. Бу ҳам бюджетга тушим бўлади. Кейинчалик бу фестивалда иштирок этишни пулли қилиб қўйиш масаласини ҳам мутахассислар билан кўриб чиқамиз.

Фестиваль кўрик-танлов тарзида ўтаётгани учун унинг мукофот пули умумий 45 минг долларни ташкил этади. 12 номинацияларга 3 ўриндан пул мукофотлари берилади», — деди Улуғбек Абдуллаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мазкур анжуманда Бухорода чанг бўрони сабаб Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали очилиш маросими ўтказилишига аниқлик киритилганди. Шунингдек, фестиваль иштирокчилари учун Бухорога Тошкент ва Фарғонадан қўшимча авиақатновлар йўлга қўйилгани ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE