Жамият, Фарғона - 11:53 · 21.05.2022

Фарғонада фуқарони ИИВ академиясига киритиб қўйиш учун 1000 доллар олган аёл ушланди

Фарғона шаҳрида 19 май куни фуқарони Ички ишлар вазирлиги академиясига ўқишга киритиб қўйиш учун 1000 доллар олган аёл ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. 1980 йилда туғилган М.Р. исмли аёл муқаддам фирибгарлик жинояти учун жазо ўтаб келаётганига қарамасдан, фуқарони пул эвазига академияга киритиб қўймоқчи бўлган.

Аниқланишича, у Юксалиш кўчасида фуқаро Ғ.Х.ни 5000 доллар эвазига ИИВ академиясига ўқишга олиб киритиб қўйишини ваъда қилиб, келишилган пуллдан 1000 долларни олаётган вақтида қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Сурхондарёда фуқарони ИИВ академиясига киритиб қўйиш учун пул олган эркак қўлга олингани хабар қилинганди.

Bugun — LIVE