Жамият - 18:37 · 21.05.2022

Ўзбек–қирғиз чегарасида трейлернинг 12 та автомашинага урилиши оқибатида 9 киши вафот этди — видео

Ўзбек–қирғиз чегарасида 21 май куни трейлернинг 12 та автомашинага урилиши оқибатида 9 киши вафот этди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, шу куни соат тахминан 15:30 да Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани орқали Ўзбекистонинг Сўх тумани ҳудудига ҳаракатланиб келаётган, устига бульдозер юкланган, д/р 02 КG 899 РС бўлган трейлер автотранспортининг тормоз ускунаси ишдан чиққан.

Оқибатда ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, Қирғизистоннинг «Чечме» чегара ўтказиш пункти ва Ўзбекистоннинг «Чашма» чегара ўтказиш пункти орқали рўйхатдан ўтиш учун навбатда турган жами 12 та (2 та Ўзбекистон ва 10 та Қирғизистон) автомашиналарга урилиб, уларга шикаст етказган.

Автоҳалокат оқибатида, бирламчи маълумотларга кўра, 9 нафар фуқаро (шулардан, 1 нафари Ўзбекистон, қолган 8 нафари Қирғизистон фуқароси) вафот этган. Жароҳатланганларга тез-тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланган. Ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида 7 киши жароҳатланган.

Аввалроқ Тошкентда 3 та автомобиль иштирокидаги ЙТҲда 1 киши вафот этганди. Шунингдек, Жиззахда ЙТҲ оқибатида 8 киши вафот этгани хабар қилинганди. Ҳамда Тошкентда 3 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар берилган.

Bugun — LIVE