Сиёсат - 8:06 · 21.05.2022

Ўзбекистон нима учун Хитой билан стратегик ҳамкорликни кучайтиришга ҳаракат қилаётгани маълум бўлди

Ўзбекистон асосий ташқи савдо шериги бўлган Россия Ғарб санкцияларига дуч келаётгани сабабли Хитой билан стратегик ҳамкорликни кучайтиришга ҳаракат қилаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда «The Diplomat» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Нашрнинг ёзишича, Ўзбекистон жаҳон транспорт ва савдо йўлларига уланишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Яқинда эса Пекинда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) йиғилишида «2022–2026 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги стратегияси» тақдим этилган. Стратегия Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги иқтисодий алоқаларни чуқурлаштиришни назарда тутади. Унда Хитой каби стратегик шериклар билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳақида сўз боради, бироқ Россия ҳақида сўз юритилмаган.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Хитой билан иқтисодий алоқалари асосан инфратузилма лойиҳалари билан боғлиқ. Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси ҳар икки давлат учун муҳим роль ўйнайди. Хитойнинг Ланьчжоу шаҳрини Тошкент билан боғлайдиган йўлнинг умумий узунлиги 4380 километрни ташкил этади. Лойиҳа 1990 йиллардан бери мавжуд бўлсада, ҳозирда Хитой ва Ўзбекистон ўртасида Қирғизистон орқали ўтадиган тўғридан-тўғри темир йўл алоқаси мавжуд эмас. Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қуриб битказилгач, юк Тошкентдан Қирғизистоннинг Ўш шаҳри орқали Хитойнинг Ланьчжоу шаҳрига боради.

Келтирилишича, яқин вақтгача лойиҳа жиддий молиявий ва маъмурий тўсиқларга дуч келган. Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида давом этаётган чегара масалалари лойиҳани тўхтатиб қўйган. Қолаверса, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги мавжуд темир йўл инфратузилмаси Совет Иттифоқи даврида қурилгани боис Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон йўналиши тўлиқ ишга тушиши учун модернизация қилиниши керак.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилганди. Унда мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аввал эришилган келишувлар амалга оширилишининг бориши муҳокама қилинган. Ўзбекистон–Қирғизистон тараққиёт жамғармаси фаолиятини бошлаш, Қамбарота 1-гидроэлектр станцияси ва Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича лойиҳаларни жадаллаштириш, саноат кооперациясини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилганди.

Bugun — LIVE