Сиёсат - 21:54 · 21.05.2022

«Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар ортга қайтмайди» — Феруза Усарова

Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбeкистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-мeтодик марказ директори вазифасини бажарувчи, сиёсий фанлар номзоди, доцент Феруза Усарова Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш борасида фикр билдирди.

Унинг қайд этишича, бугунги Тараққиёт стратегиясининг мақсадларини амалга ошириш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратиш муҳим вазифа бўлиб турибди.  Яқинда икки йирик партия — Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партия ва «Миллий Тикланиш» демократик партияси томонидан Конституциявий ислоҳотлар ўтказиш масаласи кун тартибига олиб чиқилиши ҳам бежиз эмас.

Президент Шавкат Мирзиёев Конституцияни янгилашдек стратегик вазифани ҳал этишда етти марта эмас, етмиш марта ўйлаб, халқимиз билан ҳар томонлама бамаслаҳат ҳолда қарор қабул қилиниши хақида фикр билдирар экан, шу ўринда жаҳондаги илғор тажрибаларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва таҳлилий хулосалардан кейингина аниқ қарор қабул қилиш зарурлигини таъкидлаган.

Хўш, ушбу масала ривожланган давлатларда қандай бўлган экан? Уларнинг баъзиларини кўриб чиқсак.

Умуман олганда, хорижий конституциявий ўзгаришларни таҳлиллари шуни кўрсатадики, кўпчилик конституцияга киритилган ўзгаришлар бу жамиятдаги экология, қадриятларнинг камситилиши, миллатлараро тотувлик муаммолари, хавфсизлик, инсон қадри ҳамда умуминсоний қадриятларни юқори қўйиш каби йўналишлардаги талаблар асосида ўзгартиришлар киритилган.

Масалан, Словакия Республикаси хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда бу борада фуқароларнинг хуқуқ ва бурчлари масаласида 1992 йилдаги Констутциясига декабрь 2015 йилда 17-моддасига «террорчиликда гумон қилинган шахсларни полиция 96 соатгача (олдин 48 соат эди) ушлаб қолиши белгиланган». Ёки Францияда 13 ноябрь 2015 йил  террорчилик харакатлар сабабли Миллатни ҳимоя қилувчи конституциявий қоида киритилган.

2019 йил Чилида ҳам халқ фуқаролик позициясини намоён қилиб, 1980 йилда кабул қилинган Конституциясига ўзгартиришлар киритишга эриша олган. Шу тариқа, 25 октябрь 2020 йилда Чилида референдум бўлиб ўтган, 2022 йилда эса қоидалар амалга оша бошлаган. Бу сиёсий жараёнлар Чилининг фуқаролик жамияти ривожланишида катта воқеа бўлган.

«Ёки Малайзия Федерация Республикаси Конституциясини олайлик. Давлат Конституцияси 1957 йил қабул қилинган бўлиб,  унга 1963 йил биринчи маротаба, жами бўлиб 42 маротаба ўзгартириш киритилган экан. Улар асосан  фуқаролик бурчи ва ҳуқуқлари, ёшлар масаласи,  депутатлар қасамёди, сенаторларни сайлаш ва тайинлаш тартиби каби масалаларга қаратилган. Ҳозирги вақтда кўплаб ривожланган давлатлар, табиатдаги глобал ўзгаришларни ҳисобга олиб, ўз конституциясига экологияга оид махсус боблар киритмоқда. Бундай ўзгаришлар бизнинг конституциямиздан ҳам ўрин олиши ўта долзарб десак бўлади. Хулосада айтиш керакки, Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар ортга қайтмайди. Бугунги шиддатли давр замонга мос ҳаракат ва ўзгаришларни талаб этмоқда. Ана шундай талабга жавоб берадиган мукаммал Конституцияга эга бўлиш учун Асосий қонунимизнинг янги лойиҳаси тайёрланиши албатта,  халқимиз манфаатларига муносиб иш бўлар эди», — дейди сиёсий фанлар номзоди.

Аввалроқ Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича 20 май куни комиссия тузилганди.

Bugun — LIVE