Жаҳон - 22:35 · 21.05.2022

Зеленскийнинг навбатдаги таклифи, уруш бошланганидан буён ҳалок бўлган тинч аҳоли сони ҳамда Украина сабаб муносабатлари ёмонлашаётган Германия ва Польша

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 21 май куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Nix Olympia News»

Байден Украинага 40 миллиард долларлик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунни имзолади

АҚШ президенти Жо Байден Украинага қарийб 40 миллиард доллар миқдорида қўшимча ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Тегишли маълумот Оқ уй сайтида эълон қилинди.

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Украинага ёрдам учун қўшимча маблағ ажратиш ташаббусини ўтган ҳафта, Сенат эса пайшанба куни маъқуллаган. Сенатдаги якуний овоз бериш Байден Оқ уйни тарк этиб, чет эл сафарига чиққанидан кўп ўтмай якунланган.

Зеленский Украина қўшинлари сонини 700 минг киши экани маълум қилди

«Украина армиясининг кучи 700 минг кишини ташкил этади», — деди президент Владимир Зеленский. Унинг сўзларига кўра, ўтган йили у Украина қуролли кучларини 100 минг кишига кўпайтириш тўғрисидаги фармонни имзолаган.

Россия армиясининг ҳажмини баҳолар экан, давлат раҳбари «бу ҳақиқатан ҳам катта ҳажм» эканини айтган ва «Менимча, бугунги кунда Европанинг ҳеч бир давлати бундай ҳажмга дош бера олмайди», — дея таъкидлаган.

Зеленский Украина фойдасига Россиянинг активларини мусодара қилиш бўйича халқаро шартнома имзолашни таклиф қилди

Украина президенти Владимир Зеленский ҳамкор давлатларга Киев фойдасига Россиянинг хориждаги активларини мусодара қилиш бўйича кўп томонлама битим тузишни таклиф қилди. Унинг фикрича, ҳарбий амалиёт қурбонларига ёрдам бериш учун махсус жамғарма ташкил этиш зарур.

«Биз ҳамкор давлатларни кўп томонлама шартнома имзолашга ва Россия армиясининг ҳаракатларидан жабр кўрган ҳар бир киши ўз йўқотишлари учун товон олиши мумкин бўлган механизм яратишга таклиф қиламиз», — деган Зеленский.

«Der Spiegel»: Германия ва Полша ўртасидаги муносабатлар Украинага қурол етказиб берилиши туфайли ёмонлашмоқда

Германия ва Полша Украинага қурол етказиб бериш борасида келишмовчиликларга дуч келмоқда, деб ёзди «Der Spiegel» манбаларига таяниб. Нашрнинг қайд этишича, Германия қуролларини Украинага етказиб бериш учун Польшага топшириш бўйича музокаралар «умидсиз боши берк кўчага» етиб келган, чунки Берлин Варшавага «саноат захираларидан» қурол жўнатишни режалаштирган, бироқ Варшава «бунга тайёр эмас».

БМТ 24 февралдан бери Украинада 3838 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганини маълум қилди

24 февралдан 19 майгача бўлган даврда «махсус ҳарбий операция» бошланганидан бери Украинада 3838 нафар тинч аҳоли, жумладан, 256 нафар болалар ҳалок бўлган. 4351 нафар тинч аҳоли жароҳатланган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси хабар берди.

Донецк ва Луганск вилоятларидаги Киев назорати остида бўлган ҳудудларда 1992 киши ҳалок бўлган, 1872 киши яраланган, Киев назорати остида бўлмаган ҳудудларда эса 127 киши ҳалок бўлган, 509 киши яраланган. Украинанинг бошқа ҳудудларида эса 1719 киши ҳалок бўлиб, 1970 киши яраланган.

Bugun — LIVE