Жаҳон - 9:36 · 22.05.2022

Дунёда одамлар орасида тарқалаётган маймунчечак касаллиги ҳақида нималарни биласиз?

Буюк Британияда Нигерияда бўлиб қайтган эркакда маймунчечак аниқланганди. Шундан сўнг касаллик 12 та давлатда қайд этилди. ЖССТ ҳолат юзасидан ҳавотир билдириб, фавқулодда экспертлар йиғилиши ўтказилишини маълум қилди. «Bugun.uz» ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан боғланиб, Ўзбекистонда касаллик қайд этилмаганини аниқлади. Қуйида дунё бўйлаб тарқалаётган маймунчечакнинг тарихи, симптомлари, унинг турлари ва қайси давлатларда аниқлангани ҳақида маълумот берилади.

Фото: «Factroom»

Маймунчечак нима?

Маймунчечак — одамларга ҳайвонлардан юқадиган, кам учрайдиган вирусли касаллик. 1950 йилларнинг охирида лабораторияда макака маймунларида аниқланган ва 1970 йилларда инфекция биринчи марта одамда қайд этилган. Касалликни 1968 йилда чечак йўқ қилинган ҳудудда яшовчи 9 ёшли бола юқтириб олган. Шундан сўнг инфекциянинг кўп ҳолатлари Конго ҳавзаси ва Ғарбий Африканинг тропик ўрмонларининг қишлоқ жойларида аниқланган. Кўпинча хасталикка Конго Демократик Республикаси аҳолиси чалинган. 1996-1997 йилларда бу ерда маймунчечакнинг катта эпидемияси кузатилган.

2003 йилда АҚШда касалликнинг бир нечта ҳолатлари аниқланган. Шундай қилиб, хавфли инфекция биринчи марта Африка қитъасидан ташқарида тарқалган. Аниқланишича, чечакка чалинган маймунларнинг аксарияти касалликка чалинган итлар билан алоқада бўлган. Итлар бу касалликни Африкадан келтирилган кемирувчилардан юқтириб олган.

Маймунчечак қандай юқади

У касалланган ҳайвонларнинг қони, сўлаги ёки касал териси, шиллиқ пардалари билан бевосита алоқа қилиш орқали юқади. Шундай қилиб, Африка аҳолиси касалликни касалланган маймунлар, гамбиялик каламушлардан юқтириб олган. Яна бир омил, бу касал ҳайвонларнинг гўштини истеъмол қилиш ҳисобланади. Шу билан бирга, маймунчечак одамдан одамга ҳаво томчилари орқали ёки жинсий йўл билан юқиши мумкин. Британияда ҳозир касалликнинг жинсий йўқ билан юқиш йўллари ўрганилмоқда. Касаллик ҳозиргача Буюк Британия, Португалия, Испания, АҚШ, Перу, Швеция, Италия, Франция, Бельгия, Германия, Австралия, Канада, Исроилда аниқланган.

Касаллик симптомлари

Ҳасталик аломатлари орасида титроқ, чарчоқ, юқори иситма, бош оғриғи ва юздан бошланиб, тананинг қолган қисмига тарқаладиган тери тошмаси, яра киради.

Фото: «TheHealthSite.com»

Инфекцияни юқтирган сўнг 5 кундан 21 кунгача касаллик аломатлари кузатилади, маймунчечакдан ўлим даражаси 4 дан 22 фоизгача ташкил қилади. ЖССТ талқинида ҳар ўн бемордан бири вафот этади. Маймунчечакнинг асосий 2 та штами мавжуд: ўлим даражаси 10 фоизгача бўлган оғирроқ бўлган Конго штами ва ўлим даражаси тахминан 1 фоизга тенг бўлган Ғарбий Африка штами.

Маймунчечак коронавирусдан қандай фарқ қилади

Россиялик вирусолог, Алексей Аграновский маймунчечак билан ковиднинг хавфлилик даражасини баҳолаган. Мутахассис маймун касаллиги бошқа эпидемиологик хавфлар орасида 10-ўринда, аммо коронавирус 1-ўринда турганини айтган. Бу 12 та давлатда тарқалаётган вирусга чалиниш ҳолатлари, коронавирусга нисбатан пастлигини билдиради. Аграновский ковид билан одамлар касалланишда, соғлиғини йўқотишда ва ўлишда давом этишини айтган.

Маймунчечак вируси одамларга мослашмаган, шу сабабли хасталик пандемия у ёқда турсин, эпидемияга сабаб бўлиши даргумон.

Касалликдан қандай даволаниш мумкин?

Маймунчечакка қарши махсус даволаш усули, шунингдек, унга қарши вакцина мавжуд эмас. Қоида тариқасида, касаллик ўз-ўзидан кетади. Шифокорлар чечакка қарши вакциналардан фойдаланади, чунки унинг самараси 85 фозини ташкил қилади.

Bugun — LIVE