Жамият, Жаҳон - 21:00 · 22.05.2022

Ҳафталик дайжест. Ислоҳ қилишга зарурият бўлган энергия ресурслари бозори, фоҳишахоналар ҳақида гапирган адвокат ва ошган ойликлар

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг сўнгги етти кунликдаги энг муҳим ва сара хабарлари жой олган ҳафталик дайжести.

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм Ўзбекистонда эски даврни акс эттирувчи ҳолатлар ҳам учраб турганини таъкидлади.

Фото: Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

Мухбиримизнинг хабар қилишича, Тошкентда 16 май куни бошланган «Декларациялар мулоқоти» халқаро форумида элчи сўнгги йилларда мамлакатда диний бағрикенглик борасида кўплаб қилинган ишлар ҳақида гапириб, бироқ эски даврни акс эттирувчи ҳолатлар ҳам учраб турганини айтган.

«Ўзбекистонга келадиган бўлсак, мамлакатда 2016 йилдан буён жуда катта ўзгаришлар бўлди. 2020 йилда Ўзбекистон диний эркинликни чеклаш борасида махсус кузатиб бориладиган мамлакатлар рўйхатдан чиқариб ташланди. Бу ўтган давр мобайнида Ўзбекистон ҳукумати томонидан қилинган ишларнинг натижасини кўрсатади. Шунингдек, юзлаб сиёсий ва диний махбусларнинг эркинликка чиқарилиши ҳам бунга мисол бўла олади.

Кичик диний гуруҳларнинг рейдлари ҳам тўхтатилди. Бу эса диний эркинлик борасида жуда муҳим қадамлардан эди. Ўзбекистон ҳукумати диний эркинлик борасидаги нозик масалаларни ҳам халқаро ҳамжамият билан муҳокама қилишга тайёрлигини кўрсатди. АҚШ буларни қўллаб-қувватлайди», — деган Дэниел Розенблюм.

Шунингдек, у амалга оширилган ислоҳотлар билан бир қаторда Ўзбекистонда эски даврларни акс эттирувчи ҳолатларни ҳам кўриб турганини қайд этган. Бунга мисол сифатида бир қатор ҳолатларни санаб ўтган.

«Бироқ қилинган ишлардан қатъи назар, охирги пайтларда Ўзбекистонда эски даврларни акс эттирувчи ҳолатларни ҳам кўриб турибмиз. Одамни ташвишга соладиган мисолларни санаб ўтмоқчиман: экстремистик материал туфайли одамларнинг қамалиши, кичик диний ташкилотларнинг рўйхатдан ўтишида уларга тўсиқлар қўйиш, хусусан, вилоят ва туманлар ўртасида, шунингдек, ички ишлар ҳодимлари томонидан соқол қўйган одамларнинг соқолини мажбурлаб олдириб ташлаш ҳолатлари ва бошқалар. Бир нарсани айтмоқчиманки, Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик борасида қонун қабул қилиш ҳаракатларидан АҚШ унчалик ҳам хурсанд эмас.

Масалан, мажбурий рўйхатдан ўтиш ҳозир ҳам қонуний талаб бўлиб қолмоқда. Яқинда янгиланган қонун бўйича диний ташкилотларнинг рўйхатдан ўтиш жараёни ҳали ҳам кенг, мураккаблигича қолмоқда, баъзи талаблар халқаро қонун талабларига зид келяпти. Ноқонуний диний адабиётлар одамларнинг ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинишига олиб келмоқда. Одамларда ўз динларига эркин риоя қилиш имкониятига эга бўлиши керак

Айтиб ўтганимдек, Ўзбекистонда 2016 йилдан бери катта ютуқларга эришилди, лекин шу кунларда айрим нарсалар орқага кетгандиек туюляпти. Орқага кетмайлик, олдинга кетайлик, янада бағрикенгроқ жамият сари ҳаракат қилайлик. Шундай жамият бўлсинки, бу ерда турли хил динларга, кичик динларга ҳам жой бўлсин», — дея таъкидлаган элчи.

Тошкент шаҳридаги Nest One биноси қурувчилари ойлик маоши вақтида берилмагани сабаб 17 май куни норозилик намойиши уюштирди. Меҳнат вазирлиги вазиятга ойдинлик киритди.

Кадр: Telegram / @bugunuzlive

Тошкент шаҳридаги Nest One биноси қурувчилари ойлик маоши вақтида берилмагани сабаб 17 май куни норозилик намойиши уюштирди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказди.

Аниқланишича, 2022 йил 17 май куни Шайхонтоҳур туманида жойлашган Tashkent city ҳудудидаги Nest One осмонўпар биносида «Ozguvn mimarlik inshaat» масъулияти чекланган жамиятнинг 312 нафар ишчилари 2022 йил апрель учун учун иш ҳақларини олмагани сабабли мазкур корхонага нисбатан норозилик билдирган. Мазкур мақолани ўрганиш жараёнида 17 май куни 312 нафар ишчига бир миллиард етти миллион бир минг саккиз юз йигирма беш сўм иш ҳақлари тўлаб берилиши таъминланган.

Шу билан бир қаторда, «Ozguven tasarim mimarlik insaat sanayi ve ticar» ПУнинг 427 нафар ишчиси 2022 йил апрель ойи учун иш ҳақини ўз вақтида олмагани сабабли мазкур корхона раҳбариятига норозилик билдирган. Мазкур ҳолат юзасида ишчиларга 17 май куни 427 нафар ишчига бир миллиард уч юз қирқ олти миллион уч юз эллик беш минг бир юз етмиш етти сўм иш ҳақлари тўлаб берилиши таъминланган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат меҳнат инспекцияси тўғрисида»ги низомига мувофиқ Тошкент шаҳар Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 17 май куни «Ozguvn mimarlik inshaat» МЧЖ ва «Ozguven tasarim mimarlik» МЧЖ шаклидаги хорижий корхонаси раҳбари Гувен Меҳметра номига ёзма кўрсатма берилган.

Аввалроқ Nest One лойиҳаси раҳбари Мурод Назаров ҳолат юзасидан маълумот бериб, воқеа жойидан видео эълон қилганди. «Ош ҳаммага етмаган бўлса, шундай ваҳима қилиш керакми? Илтимос, ваҳима қилманглар. Иш давом этмоқда, ҳаммаси жойида», — деганди компания раҳбари.

Ўзбекистонда энергия ресурслари бозори ислоҳ қилишга зарурият борлиги маълум қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия ҳамда Энергетика вазирликлари энергетика соҳасини ислоҳ қилишнинг зарурияти борлигини эълон қилди.

Маълум бўлишича, иссиқлик электр станцияларидаги (ИЭС) энергоблокларнинг аксарияти 25 йилдан ортиқ муддатда фойдаланиб келинмоқда, улар маънан эскирган технологиялардан фойдаланилади, уларнинг фойдали иш коэффициенти паст. Аҳоли сонининг ошиб бориши ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши натижасида юзага келадиган талабни таъминлаш учун энергия ресурслари ишлаб чиқаришнинг қўшимча қувватларини барпо этиш лозим.

Мисол учун, 2030 йилга бориб республика истеъмолчиларининг табиий газга бўлган йиллик талаби ҳозирги 54,2 млрд куб метрдан 65 млрд куб метргача ошиши ҳисоб-китоб қилинган.

Электр энергиясида эса бу кўрсаткич жорий 74 млрд кВт соатдан 110 млрд кВт соатгача ошиши кутилмоқда. Йилига 110 млрд кВт соат электр энергияси етказиб бериш учун қўшимча равишда 19 ГВт қувватли янги электр станциялари қурилиши талаб этилади. Мазкур энергоресурслар бўйича қўшимча қувватларни яратиш учун камида 25 млрд доллар маблағлар зарур. Ваҳоланки, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «Иссиқлик электр станциялари» АЖнинг амалдаги молиявий ҳолати бу қийматдаги лойиҳаларни амалга оширишга имкон бермайди.

Шу билан бирга, мазкур корхоналар томонидан кредит маблағларининг жалб этилиши ўз навбатида республиканинг ташқи қарзи ҳажмининг ошишига олиб келади. Шундан келиб чиқиб, соҳага хусусий инвестицияларни, шу жумладан давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида кенг жалб этиш келажакда янги қувватларни яратишнинг бирдан-бир йўли бўлиб ҳисобланади.

Бунда, энергетика соҳасига хусусий инвестицияларни жалб қилишнинг энг зарурий шарти – бу улар иштирокида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини рентабелли, яъни фойда келтирадиган нархларда сотиш бўлиб ҳисобланади. Юқоридагилардан келиб чиқиб, республиканинг йилдан йилга ошиб бораётган энерго ресурслар талабини барқарор ва тўлиқ таъминлаб бориш ҳамда соҳага хусусий инвестицияларнинг кириб келишини таъминлаш учун республика энергия ресурслари бозорини босқичма-босқич ислоҳ қилиш зарур.

«Маҳалла» телеканали томонидан эфирга узатилган «Минбар» ток-шоусида адвокат Амрулло Аҳмедов фоҳишахоналар фойда келтираётганини айтди. Кейинчалик унинг ўзи ҳолат юзасидан тушунтириш берди.

Кадр: YouTube

Унинг маълум қилишича, телеканал орқали эфирга узатилган кўрсатувдан олинган кенг тарқалган видео аслида бошқа мақсадда айтилган фикрлар ташлаб юборилган ҳолда омманинг эътиборини тортиш ва унга нисбатан ёмон фикр уйғотиш учун монтаж қилинган.

«Шахсан менга бу ҳолатдан ким ёки қайси ташкилот манфаатдор бўлиши маълум эмас. Лекин фоҳишалар ёрдамида наркобизнесни тарғиб қилиш, ёшларимизни жиноят содир этиш йўлига етаклаш нотўғри усул эканини ва бундан воз кечиш зарурлиги таъкидламоқчи бўлиб айтилган гапларим шунчаки қирқиб ташланган. Ушбу нутқимда биз деб гапирганимнинг боиси ҳам ушбу иллатга барчамиз масъул эканлигимизни билдиради», — дея таъкидлаган адвокат. Шунақа гаплар.

Яхши янгилик: Ўзбекистонда иш ҳақлари 12 фоизга оширилди. Шавкат Мирзиёев «Иш ҳақи миқдорини ошириш тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўламини кенгайтириш ҳамда фуқароларнинг даромадларини изчил ошириб бориш мақсадида 2022 йил 1 июндан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 12 фоизга оширилади.

Шунингдек, 2022 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ойига 920 000 сўм, базавий ҳисоблаш миқдори эса ойига 300 000 сўм этиб белгиланади.

Қайд этилишича, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори оширилиши билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Хўш, оламда нима гап?

«Ким ўзар давом этади»: Хитой Россия ва АҚШда мавжуд бўлмаган гипертовушли ракетани ишлаб чиқаради.

Фото: «BOL News»

«South China Morning Post» маълумотларига кўра, бу қурилма ҳаракатланувчи объектларни нишонга олиши мумкин. Мазкур вазифани бажариш ҳозиргача мавжуд бўлган гипертовушли қуроллар учун имконсиз.

Қурилманинг тезлиги товуш тезлигидан беш баравар юқори бўлади. Янги ракетани ишлаб чиқувчиларга 2025 йилгача «гипертовушли технологиянинг барча муаммоларини ҳал қилиш» учун вақт берилган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE