Наманганда Халқаро гуллар фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди
Наманган шаҳридаги Тинчлик хиёбонида 22 май куни «61-Халқаро гуллар фестивали»нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.
Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
Қайд этилишича, маросимда вилоят фаоллари, мартабали меҳмонлар, чет эл делегациялари ОАВ вакиллари ва блогерлар, кенг жамоатчилик иштирок этди. Тадбирда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов нутқ сўзлаб, барчани табриклади. Ҳоким анъаналарни ривожлантиришдан мақсад ҳудудлар салоҳиятини кўтариш, иқтисодий ва туризм потенсиалини оширишдан иборат эканини таъкидлади.
Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
«Ҳурматли Президентимизнинг шахсий ташаббус ва тавсиялари билан бу фестиваль меҳмонларига Бобур боғида гуллар экспозицияси намойиш қилинди халқаро мақомга эга бўлди. Кўлами кенгайиб, дунё миқёсига кўтарилгани нафақат Наманган, балки бутун мамлакатимиз аҳлининг ғурур-ифтихорига сабаб бўлмоқда», — деди Наманган вилояти ҳокими.
Шундан сўнг хиёбонда ўзбек эстрадаси юлдузлари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш қилинди. Хорижлик меҳмонлар Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғида гуллар экспозициялари билан танишди, гулчилар билан суҳбатлашди.
Эслатиб ўтамиз, 26 апрель куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда Туризм вазирлигига хорижий сайёҳларга кўмаклашувчи сайтлар, мобил иловалар яратиш бўйича танлов эълон қилиб, энг яхшиларига грант ажратиш топширилганди.
Шунингдек, 186 та халқаро ва маҳаллий фестиваллар ташкил этиш орқали 2022 йилда камида қўшимча 1 миллион хорижий ва 5 миллион нафар ички туристларни жалб қилиш мумкинлиги қайд этилган. Шу сабабли вазирликка бир қанча фестиваллар қаторида халқаро гуллар фестивалини ҳам юқори савияда ташкил этиш топширилган.