Жамият, Қашқадарё - 17:23 · 22.05.2022

Қашқадарёда мол боқиш учун чиқиб кетиб, бедарак йўқолган фуқаронинг жасади топилди

Қашқадарё вилояти Қамаши туманида 20 май куни мол боқиш учун чиқиб кетиб, бедарак йўқолган фуқаронинг жасади топилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати

Маълум бўлишича, 2022 йилнинг 11 май куни Деҳқонобод туман Ички ишлар бўлимига Сурхондарё вилояти Ангор тумани «Чинобод» маҳалласида яшган, 1995 йилда туғилган Э.З. бедарак йўқолгани ҳақида хабар келиб тушган.

Ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси, Қамаши тумани Ички ишлар бўлими, Дехқонобод тумани ички ишлар бўлими ходимлари, маҳаллий аҳоли, овчилар, ўрмон ишчилари, егирлар ҳамда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимларидан иборат қидирув гуруҳлари тузилган. Ва тоғли ҳудуддаги ғорлар ва сойликлар кўздан кечирилиб, яқин атрофда чорва молларини боқиб юрган чўпонлар билан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилган.

Маълум бўлишича, 2 апрель куни Э.З. Жарқўрғон туманидан Ангор туманида яшовчи фуқаролар Ж.Б. ва Ж.К.лар билан бирга чорва молларини Сурхондарё вилояти Сариосиё туманининг Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманига туташ тоғларига боқиш учун йўлга чиқиб кетган. 2 май куни эса Қамаши тумани давлат ўрмон хўжалиги 13-квартал Қалоқ-Қўтон участкаси ҳудудида бедарак йўқолган.

Олиб борилган қидирув тадбирлари давомида 20 май куни Қалоқ-қўтон номли ер майдони ҳудудидаги тахминан 100-120 метр чуқурликдаги жарлик тубидан бедарак йўқолган фуқаро Э.З.ни жасади топилиб, марҳум олиб чиқилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қамаши тумани прокуратураси томонидан терговга қадар суриштирув ишлари бошланган.

Аввалроқ Тошкент вилоятида тоғда бедарак йўқолган йигит топилганди. Шунингдек, Қорақалпоғистондаги зиёратгоҳда 19 ёшли йигит тоғдан йиқилиб тушгани маълум қилинган.

Bugun — LIVE