Жаҳон - 22:00 · 22.05.2022

Россиядан электр энергияси олишни тўхтатган Литва, рус қўшинларининг йўқотишлари бўйича янги маълумотлар ва Украинага келган Польша раҳбари

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 22 май куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Комсомольская правда»

Литва Россиядан электр энергиясини импорт қилишни тўхтатди. Бу ҳақда мамлакат Энергетика вазирлигига таяниб, «Коммерсантъ» хабар берди.

Маълум бўлишича, Литва ҳукумати 20 май куни Россиядан электр энергиясини олишни тўхтатишга қарор қилган. 22 май кунидан бошлаб эса мазкур қарор кучга кирган. Таъкидланишича, Литва бундан ташқари Россия нефти ва табиий газини импорт қилишни ҳам тўхтатади.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби Россия армияси Украинада 29 минг нафар ҳарбий хизматчисини йўқотганини қайд этди. Бу ҳақда ташкилотнинг Facebook саҳифасида маълумот берилган.

Украина Бош штабининг ҳисоб-китобларига кўра, бундан ташқари Россия 1 минг 285 та танк, 3 минг 141 та зирҳли техника, 204 та самолёт ва 107 та вертолётни йўқотган.

Россия Мудофаа вазирлиги вакиллари эса қурбонлар сони анча кам эканлигини даъво қилмоқда. Вазирлик охирги марта 25 март куни 1 минг 351 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди. Ўшанда Украина Қуролли Кучлари вакиллари Россия 20 минг кишини йўқотганини эълон қилганди.

Польша президенти Анжей Дуда Украина Олий Радасида нутқ сўзлади. Бу ҳақда Парламент матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, Анжей Дуда Украина Парламентига яхши қўшничилик тўғрисида янги шартнома тузишни таклиф қилган. Шунингдек, Владимир Зеленский билан бирга Олий Радада нутқ сўзлаган.

«Биринчи ўринда Украина нафақат ўзини, балки бутун Европани ҳимоя қилмоқда. Поляклар буни билишади, ҳурмат қилишади ва қадрлашади, бунга ҳар томонлама ҳисса қўшади… Шунинг учун ҳам биз санкция чораларини кўряпмиз. Польша Россияни тинчликка мажбурлаш учун зудлик билан зарур санкцияларни илгари сурган етакчи давлатлардан бири», — деган Зеленский.

Анжей Дуда Рададаги нутқи давомида дунё раҳбарларига мурожаат қилган.

«Буча, Бородианка, Мариуполдан кейин Россия билан одатдагидек иш бўлиши мумкин эмас, жаноб президентлар ва бош вазирлар», — деган Польша раҳбари.

Шунингдек, Дуда Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши учун қўлидан келган барча ишни қилишга ваъда берган. У икки халқ ўртасидаги бирликни на сиёсатчилар, на хорижий агентлар бузолмаслигини қўшимча қилган.

Польша бош вазири Норвегияни нефть ва газ нархининг кўтарилишидан тушган фойдани бўлишишга чақирди. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.

«Биз Норвегияга гази учун бир йил олдин тўлаганимиздан тўрт ёки беш баравар катта пул тўлашимиз керакми ? Бу касаллик. <…> Улар бу ортиқча фойдани бўлишишлари керак. Бу адолатдан эмас. Бу Путин бошлаган урушдан билвосита фойда қилиш», — деган Матеуш Моравецкий.

Украина Олий Радаси мамлакатда ҳарбий ҳолатни 90 кунга, яъни 2022 йил 23 августгача узайтирди. Бу ҳақда Парламентнинг матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўилшича, қарорга 320 нафар депутат ёқлаб овоз берган. Шунингдек, мамлакатдаги умумий сафарбарлик муддати ҳам уч ойга узайтирилган. Бу қарорга 315 киши ёқлаб овоз берган.

Бундан ташқари, Парламент йиғилишида Польша президенти Анжей Дуда нутқ сўзлаган. Шундан сўнг Украина президенти Владимир Зеленский Польша фуқаролари учун Украинада алоҳида ҳуқуқий мақом бериш тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламентга киритилганини маълум қилган.

Bugun — LIVE