Жаҳон - 18:27 · 22.05.2022

Саудия Арабистонида илк бор самолёт тўлиқ аёллардан иборат экипаж билан парвоз қилди — фото

Саудия Арабистонининг Flyadeal авиакомпанияси қироллик тарихида биринчи марта аёллардан иборат экипаж билан парвозни амалга оширди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «DNA India»

Маълум бўлишича, бу ҳақда компаниянинг Twitter’даги расмий саҳифасида хабар берилган.

«Flyadeal Саудия Арабистони тарихидаги биринчи марта фақат аёллардан иборат экипаж билан рейсни  амалга оширди, уларнинг аксарияти Саудия Арабистони фуқаролари», — дейилади авиакомпания хабарида.

Фото: Twitter / @flyadeal

Маълум бўлишича, парвоз сўнгги русумдаги Airbus А320 самолётида Ар-Риёддан Жиддага амалга оширилган.

Таъкидланишича, Муҳаммад бин Салмон валиаҳд шаҳзода бўлганидан бошлаб Саудия Арабистонида аёлларнинг жамиятдаги роли ўзгара бошлаган. Аёлларга машина ҳайдашлари, спорт мусобақаларини томоша қилиш учун стадионларга боришлари, армия ва полицияда хизмат қилишларига рухсат берилган.

Аввалроқ Саудия Арабистони миллий байрамининг 91 йиллигига бағишланган ҳарбий парадда биринчи марта аёл ҳарбийлар қатнашганди. Шунингдек, Саудия Арабистони ҳукумати турмуш қурмаган, ажрашган ёки бева аёлларга васий эркак розилигисиз ёлғиз яшашига рухсат берган.

Bugun — LIVE