Жамият, Тошкент ш. - 12:42 · 22.05.2022

Тошкентнинг айрим ҳудудларида «свет» ўчиб қолди

Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманининг айрим ҳудудлари 22 май куни электр энергияси таъминотидан узилиб қолди. «Тошкент шаҳар электр тармоқлари» акциядорлик жамияти матбуот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, туманнинг Чоштепа кўчасида жойлашган пластмасса цехи ҳудудидан ўтган қуввати 10 кВ бўлган юқори кучланишли кабель тармоқларини номаълум пудратчи ташкилот туман электр таъминот корхонаси билан келишилмаган ҳолда ўзбошимчалик билан ер қазиш ишлари олиб бориши натижасида ер остидан ўтган юқори кучланишли кабель тармоқлари узиб юборилган.

Бунинг оқибатида электр энергияси билан таъминланувчи Янгиҳаёт туманидаги Чоштепа маҳалласи, Янги Чоштепа кўп қаватли ҳамда ерли аҳоли яшаш хонадонларида электр энергияси таъминотида узилиш содир бўлган.

Айни пайтда ушбу ҳолат бўйича «Тошкент шаҳар электр тармоқлари» АЖ тасарруфидаги Янгиҳаёт туман электр таъминоти корхонаси юқори кучланишдаги авария ҳолатларини баратараф этиш махсус тезкор ишчи-бригада ходимлари томонидан носозликларни бартараф этиш бўйича таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

«Тез фурсатларда носозлик бартараф этилиб, электр таъминоти тикланишини маълум қиламиз», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Андижон шаҳрини электр энергияси билан таъминловчи 110 киловатли ҳаво тармоғига 23 март куни яшин тушганди. Бунинг оқибатида шаҳарнинг айрим ҳудудларида фавқулодда электр энергияси узилиши кузатилган.

Bugun — LIVE