Жаҳон - 22:01 · 23.05.2022

БМТга мактуб ёзган Лукашенко, Харьков вайроналаридаги 150 дан ортиқ жасад ва Россиядан кетаётган Starbucks

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 23 май куни содир бўлган мазкур можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Reuters»

Буюк Британиянинг «The Times» нашри дунёдаги энг нуфузли 100 кишининг 2022 йилги рўйхатини эълон қилди.

Мазкур рўйхатдан Россия президенти Владимир Путин, Украина раҳбари Владимир Зеленский, АҚШ президенти Жо Байден, Хитой раиси Си Цзиньпин, Германия канцлери Олаф Шольц жой олган. Зеленский ҳақидаги матнни Байден ёзган, Путин ҳақидаги фикрни эса мухолифатчи Алексей Навальний берган.

«Украина президентидан илҳомланган эркин дунё мамлакатлари сўнгги пайтларда ҳар қачонгидан ҳам бирдам, қатъий ва мақсадлироқ бўлди. АҚШ ҳамда иттифоқчиларимиз кўмагида Зеленский тарихда ўз изини қолдирди ва бутун дунёга Украина бардош беришини ва унинг халқи пировардида ўзи орзу қилган демократик келажакка эришишини исботлади», — деб ёзган Байден.

Навальний ўз матнида Владимир Путиннинг асл миссияси «дунё етакчилари ва экспертларидан тортиб оддий одамларгача» ҳаммага сабоқ бериш эканини таъкидлаган.

«Путин яна бир бор бизга кичик сайловда соxталик билан бошланган йўл доимо диктатура билан тугашини эслатди. Диктатура эса ҳар доим урушга олиб келади. Бу сабоқни унутмаслигимиз керак», — деган у.

Харьковлик қутқарувчилар уруш бошланганидан бери вайроналар остидан 150 дан ортиқ жасадни олиб чиқди. Бу ҳақда «BBC» хабар берди.

Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати раҳбари ўринбосари Анатолий Торяникнинг сўзларига кўра, можаро бошиданоқ Россиянинг ўққа тутилиши натижасида вайрон бўлган биноларни демонтаж қилаётган харьковлик қутқарувчилар 150 нафардан ортиқ ҳалок бўлганларнинг жасадини олиб чиқишган.

«Харьковда бизнинг бўлинмалар вайрон бўлган 98 та жойни тўлиқ демонтаж қилди. Афсуски, вайроналар остидан 150 нафардан ортиқ ҳалок бўлганларнинг жасади олиб чиқилди. Тезкор қутқарув ишлари давомида бизнинг бўлинмалар 250 нафардан ортиқ одамни қутқариб қолди», — деган Торяник.

Унинг сўзларига кўра, Харьковнинг фронт чизиғига энг яқин жойлашган шимолий ва шарқий туманлари энг кўп ўққа тутилган.

Торяник шунингдек, энг оғир иш биринчи кунларда бўлганини таъкидлаб ўтган. Ўшанда сапёрлар кунига 100 маротаба ва ундан ортиқ қатновларни амалга оширган. Уч ойдан камроқ вақт мобайнида улар 3 мингга яқин портловчи мосламаларни зарарсизлантирган.

Украинага бостириб киришнинг дастлабки уч ойида Россия Афғонистондаги тўққиз йиллик урушда СССР қанча йўқотган бўлса, шунча ҳарбийни йўқотгани айтилди. Бу ҳақда Британия разведкаси ўзининг Twitter саҳифасида маълумот берди.

Маълум бўлишича, нотўғри ўйланган тактика ва мослашувчанликнинг йўқлиги юқори ўлим кўрсаткичларига олиб келган.

Разведкага кўра, Украинада қурбонлар сони ошгани сайин Россия аҳолисининг урушдан норозилиги кучайиши мумкин.

Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Россия Европадан нефть ва газ учун кунига бир миллиард евро олишда давом этаётганини айтди. Бу ҳақда у ўзининг Twitter саҳифасида ёзган.

«Россиянинг Украинага бостириб киришининг учинчи ойи якунланмоқда. Европа нефть ва газ сотиб олиб, Москвага кунига миллиард евро юборишда давом этмоқда. Россия болаларни ўлдиришда, аёлларни зўрлашда ва шаҳарларни вайрон қилишда давом этмоқда. Украина Европа чегаралари ва демократик цивилизацияни ҳимояланишда давом этмоқда. Ўзингиз хулоса чиқаринг», — деб ёзган Подоляк.

Александр Лукашенко Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерришга мактуб ёзди. Бу ҳақда Беларуснинг «БелТА» агентлиги хабар берди.

Таъкидланишича, мактуб БМТ раҳбарига 18 май куни етказилган. Унда қуйидаги сўзлар ҳам бор:

«Биз тажовузкор эмасмиз, баъзи давлатлар бизни шундай кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. Беларусь ҳеч қачон уруш ёки можароларнинг ташаббускори бўлмаган. Биз хоин эмасмиз. Ўзаро муносабатлардаги ҳалоллик биз учун муҳим. Бизнинг позициямиз шуки, ҳар қандай давлатнинг, хоҳ у ернинг саккиздан бир қисми бўладими, хоҳ орол давлати бўладими, унинг ташвиши ва манфаатларини ҳамма эшитиши керак!».

Starbucks кофе тармоғи Россия бозорини тарк этишга қарор қилди. Бу ҳақда «CNBC» хабар берди.

Маълум бўлишича, Россияда тармоқнинг 130 та пункти мавжуд. Улар компания йиллик даромадининг атиги 1 фоиздан камроғини ташкил қилади.

Bugun — LIVE