Жамият, Жаҳон - 21:00 · 23.05.2022

Бугун оқшоми. Электрошокерни ноўрин ишлатган ИИБ ходимлари, яна «трендга чиқаётган» касалликлар ва Туркманистонда ҳайвон шарафига навбатдаги ҳайкал

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Видео: Самарқандда ИИБ ходимлари сайёҳларга қўпол муомалада бўлиб, электрошокер ишлатди.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, 20 майдан 21 май кунига ўтар кечаси шаҳар ИИБ патруль-пост хизмати ходимлари тунги фаолиятини олиб бораётган бўлган. Улар Мирзо Улуғбек кўчасида қўшни мамлакатдан келган сайёҳларни шахсини текшириш жараёнида қўпол муносабатда бўлиб, хизмат вазифасини ва махсус-техник воситаларни қўллаш ваколатини суиистеъмол қилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ИИВ Шахсий хавфсизлик хизмати томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда хизмат текшируви ўтказилмоқда. Текширув якунига кўра, қонунчиликка зид ҳаракат қилган барча ходимларнинг ҳамда фаолиятга масъул раҳбарларининг хизматдан бўшатилиши ва жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади. Нафақат сайёҳларга, ҳеч кимга қўпол муомала қилмаслик керак.

Бразилиядан Туркиягача: Бухорода хориж заргарлик буюмлари савдо-кўргазмаси ва модалар намойиши ўтказилди.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Бухорода илк марта 21–25 май кунлари Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар бергандик. Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан ташкил этилган инфо-турда иштирок этаётган мухбиримиз фестиваль давомида маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг савдо-кўргазмалари ва модалар намойиши ҳам ўтказилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, Бухоро шаҳрининг Арк қўрғони ҳудуди атрофида салкам 300 нафар ҳунармандларнинг савдо-кўргазмалари учун павильонлар ташкил этилган. Уларда 110 нафар заргар, 37 нафар зардўз, 44 нафар каштадўз, 97 нафар ҳунармандчиликнинг бошқа йўналишларида фаолият олиб бораётганлар маҳсулотларини намойиш қилиш ва сотиш имкониятиг эга бўлмоқда.

Шунингдек, фестивалга Марказий осиё мамлакатлари, Эрон, Россия, Туркия, Австралия, Бразилия, Буюк Британия, Ҳиндистон, Озарбойжон, БАА, Грузия, Италия, АҚШ, Хитой, Швеция, Бангладеш, Индонезия, Швеция, Ливан каби 58 та давлатдан келган юзлаб хорижий иштирокчилар ҳам тижоратини амалга оширмоқда. Маълумот ўрнида, Ўзбекистонга хорижий мамлакатлар заргарлари томонидан 22 килограмм кумуш, 10 килограмм олтин буюм маҳсулотлари олиб келинган.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Мазкур жараёндан олинган суратларнинг барчасини мана бу ерда томоша қилишингиз мумкин.

Ковиддан ҳали тўлиқ қутилмаган Ер шарида яна бир касаллик тарқалмоқда. Ўзбекистонда маймунчечак инфекцияси аниқландими?

Фото: «Bugun.uz»

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати берган маълумотга кўра, ҳозирча Ўзбекистонда маймунчечак инфекцияси қайд этилмаган ва ҳаммаси жойида.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков ушбу касаллик дунёнинг 14 та давлатида аниқланганини айтди.

«Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, касаллик ҳозиргача 14 та давлатда қайд этилган. Хусусан, инфекцияни юқтирганлар сони 90 нафарга яқинлашгани айтиляпти. Қолаверса, қарийб 30 киши касалликка чалинганликда гумонланмоқда. Қолаверса, шу кунгача ўлим ҳолатлари рўйхатга олинмади.

Аслида, бу хасталик кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Яъни илк бор у бундан 52 йил аввал Конгода аниқланган. Касалликнинг алоҳида ҳолатлари Марказий ва Ғарбий Африка мамлакатларида кузатилган.

Биздаги маълумотларга кўра, маймун чечаги деярли барча ҳолатларда ҳайвонлардан одамга юқади. Асосан эндемик ҳудудларга сафар қилган ва жониворлар билан мулоқотда бўлган кишиларда тасдиқланиши мумкин.

Дунё бўйлаб касалликнинг қайта авж олиши 7 май санасидан бошланди. Шу куни Буюк Британияга Нигериядан қайтган сайёҳда мазкур инфекция аниқланди. Унда касаллик белгилари терида тошмалар тошиши билан намоён бўлган. Шундан сўнг ушбу мамлакатда ўнга яқин беморлар маймун чечагига чалингани маълум бўлди», — дейди Отабеков Нурмат.

Қўшимча қилинишича, Ўзбкистонда ҳозирга қадар маймунчечак касаллиги қайд этилмаган. Айни пайтда ЖССТ тавсияларидан келиб чиқиб бу инфекциянинг мамлакатга кириб келмаслиги учун зарур чоралар кўрилмоқда.

Яна касалликлар ҳақида: Бутун дунёда ковид «қайта уйғонмоқда», Ўзбекистондачи? Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков Ўзбекистондаги ковид кўрсаткичи ижобий эканини маълум қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, мамлакатда кунига 30–40 кишида коронавирус аниқланмоқда ва бу ижобий кўрсаткич.

«Ҳозирда юртимизда кунига ўртача 30–40 кишида касаллик аниқланмоқда. Бу мамлакатимиз аҳолисига нисбатан ижобий кўрсаткич. Аммо шу билан хотиржам бўлишга ҳақимиз йўқ», — дейди Отабеков.

Хўш, оламда нима гап?

Анъанавий янгиликлар туркумидан: Туркманистоннинг Ахал вилоятида мамлакат собиқ президетни Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Оқхон отига ҳайкал ўрнатилади.

Фото: «Turkmenportal»

Маълум бўилишича, тегишли қарорни яқиндагина постга келган мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедов имзолаган. Ёдгорлик Ахал вилояти ҳокимлиги буйруғи билан «Спорт Юлдизи» хусусий корхонаси томонидан лойиҳалаштирилади ва қурилади. Ҳужжатда қурилиш ишларини майда бошлаш ва объектни 2022 йил декабрь ойида тўлиқ фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

Маълумот ўрнида, Оқхон Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов томонидан шахсан тарбияланган афсонавий отдир. 2018 йилда у икки оёқда 10 метр масофани 4,19 сонияда босиб ўтиб, рекорд ўратган. Ушбу ютуқ Гиннес рекордлар китобига киритилган. Яна бир қизиқ факт: бу Ахалтеке отига ўрнатилган биринчи ёдгорлик эмас.

Ироқ ҳукумати мамлакатда кузатилаётган қум бўрони сабабли 23 майни барча учун дам олиш куни деб эълон қилди.

Фото: «Getty Images»

Прогнозларга кўра, қум бўрон эпимарказида кўриш 100 метргача, шамол тезлиги эса соатига 40–50 километрга етади. 23 май кечки пайт Ироқнинг бир қанча вилоятларида кучли чанг кузатилади, ёмон об-ҳаво шароити 48 соат давом этади.

Мамлакатда соғлиқни сақлаш, хавфсизлик кучлари, фавқулодда вазиятлар ва коммунал хизматларга тааллуқли бўлган барча давлат муассасаларида иш тўхтатилади. Бир қатор таълим муассасаларида имтиҳонлар бекор қилинади.

Бундан ташқари, мамлакатдаги барча аеэопортларни кейинги огоҳлантиришгача ёпиш режалаштирилган. Қум бўрон деярли бутун минтақага, жумладан, Иордания, Сурия, Ироқ, Қувайт, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн ва, эҳтимол, Уммонга ҳам таъсир қилиши кутилмоқда.

Бир ҳафта олдин қумли бўрон Ироқ ва қўшни давлатлар учун жуда кўп муаммоларни келтириб чиқарган. Ноқулай об-ҳаво туфайли Ироқ ва Қувайтдаги энг йирик халқаро аеропортлар ва денгиз портлари ўз ишини вақтинча тўхтатган. Ҳодиса аҳоли орасида нафас қисилишига олиб келган. Суриядаги бўрон оқибатида камида ўн киши ҳалок бўлган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE