Жаҳон - 15:36 · 23.05.2022

Ироқда кучли қум бўрони кузатилмоқда — видео

Ироқ ҳукумати мамлакатда кузатилаётган қум бўрони сабабли 23 майни барча учун дам олиш куни деб эълон қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.

Фото: «Getty Images»

Прогнозларга кўра, қум бўрон эпимарказида кўриш 100 метргача, шамол тезлиги эса соатига 40–50 километрга етади. 23 май кечки пайт Ироқнинг бир қанча вилоятларида кучли чанг кузатилади, ёмон об-ҳаво шароити 48 соат давом этади.

Мамлакатда соғлиқни сақлаш, хавфсизлик кучлари, фавқулодда вазиятлар ва коммунал хизматларга тааллуқли бўлган барча давлат муассасаларида иш тўхтатилади. Бир қатор таълим муассасаларида имтиҳонлар бекор қилинади.

Бундан ташқари, мамлакатдаги барча аеэопортларни кейинги огоҳлантиришгача ёпиш режалаштирилган. Қум бўрон деярли бутун минтақага, жумладан, Иордания, Сурия, Ироқ, Қувайт, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн ва, эҳтимол, Уммонга ҳам таъсир қилиши кутилмоқда.

Бир ҳафта олдин қумли бўрон Ироқ ва қўшни давлатлар учун жуда кўп муаммоларни келтириб чиқарган. Ноқулай об-ҳаво туфайли Ироқ ва Қувайтдаги энг йирик халқаро аеропортлар ва денгиз портлари ўз ишини вақтинча тўхтатган. Ҳодиса аҳоли орасида нафас қисилишига олиб келган. Суриядаги бўрон оқибатида камида ўн киши ҳалок бўлган.

Аввалроқ Қозоғистон вилоятларидан бирида кучли қум бўрони содир бўлганди. Шунингдек, Хитойда кучли қум бўрони кузатилганди.

Bugun — LIVE