Жамият - 21:28 · 23.05.2022

Ўзбекистонда кенг тарқалган онлайн фирибгарлик схемалари маълум бўлди

Марказий банк «Молиявий билим» лойиҳаси доирасида ҳозирги кунда кенг тарқалган фирибгарлик турлари ҳақида видеоролик тайёрлади. Бу ҳақда банкнинг молиявий саводхонликни ошириш департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, энг оммалашган фирибгарлик усулларидан бири — бу мерос ҳақидаги ваъда. Унга кўра, электрон почта ёки мессенжерлар орқали фойдаланувчига қайсидир хорижлик узоқ қариндоши ёки фамилияси ўхшаш инсон тасодиф туфайли катта мерос қолдиргани ҳақида хабар келади. Ушбу меросни қўлга киритишдаги дастлабки харажатлар фойдаланувнинг бўйнида бўлади. Ушбу маблағни тўлаб бўлганда эса фуқаро алданганини билади.

Иккинчи фирибгарлик схемасига кўра, бир қанча сайтларга кирилганда фойдаланувчига совринли ёрлиқлар таклиф этилади. Уларда қатнашиш орқали қимматбаҳо техника воситаларини ютиб олганлик ҳақида хабар келади. Ушбу ютуқларни мамлакатга етказиб берилиши учун эса фойдаланувчидан маблағ ёки турли саволлар орқали шахсий ҳисоб рақам ҳақида маълумот киритиш талаб этилади. Шу орқали ҳисобдаги маблағ фирибгарлар томонидан ечиб олинади.

Марказий банк маълумотларига қараганда, кенг тарқалган онлайн фирибгарлик схемасидан яна бири Telegram гуруҳлари билан боғлиқ.

«Охирги вақтларда авж олаётган фирибгарлик турларидан яна бири — Telegram гуруҳларга одам қўшиш орқали қанчадир маблағ билан тақдирланишдир. Бу орқали фирибгарлар ўз гуруҳ ёки каналларида сунъий равишда фойдаланувчиларни кўпайтиришга ёки телефон номер ва пластик карта маълумотларини билиб олиб, ҳисобдан пул ечиб олишга уринади. Шу туфайли турли акция ва конкурсларга ишониб шахсий ҳисоб маълумотларини бегоналарга ошкор этмаслик тавсия этилади, акс ҳолда фирибгарлик қурбонига айланиб қолиш мумкин», дейилади хабарда.

Аввалроқ Сурхондарёда фуқарони ИИВ академиясига киритиб қўйиш учун пул олган эркак қўлга олингани хабар қилинганди. Шунингдек, Фарғона шаҳрида 19 май куни фуқарони Ички ишлар вазирлиги академиясига ўқишга киритиб қўйиш учун 1000 доллар олган аёл ушланганди.

Bugun — LIVE