Жамият - 20:23 · 23.05.2022

Ўзбекистонда «Маданий мерос ва ижод платформаси»нинг тақдимоти бўлиб ўтди

Туризм ва маданий мерос вазирлигида 23 май куни «Маданий мерос ва ижод платформаси»нинг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, тадбирни Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги директори Шахриёр Нуруллоев очиб берган. Шунингдек, тақдимотда туризм ва маданий мерос вазирининг ўринбосари, ЮНЕСКО’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарияти иштирок этган. Ушбу тадбир Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги, ЮНЕСКО’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси ҳамкорлигида бўлиб ўтган.

Келтирилишича, маданий мерос ва ижодий индустрия жаҳон иқтисодиётининг энг жадал ривожланаётган тармоқларидан бири ҳисобланади. Маданият ва ижодга сармоя киритиш шаҳар иқтисодиётини жонлантиришнинг ажойиб усули экани жаҳон тажрибасида исботланган. Бугунги кунда кўплаб шаҳарлар маданий мерос, маданий тадбирлар ва муассасалардан ўзларининг имиджини яхшилаш, шаҳар ривожланишини рағбатлантириш, сайёҳлар ва инвесторларни жалб қилиш учун фойдаланади.

Фото: Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон — бой тарихий, маданий ва табиий меросга, ранг-баранг табиатга эга мамлакат сифатида машҳур. Буюк Ипак йўлида жойлашган кўп миллатли жамият сифатида бу ерда асрлар давомида маданият гуллаб-яшнаган. Ўзбекистон ҳукумати маданиятнинг мамлакат барқарор ривожланишига қўшаётган асосий ҳиссасини эътироф этади. Қолаверса, Ўзбекистон учун маданий мерос миллий ўзлик ва ифтихор манбаи бўлиб, уни муҳофаза қилиш ва тарғиб қилиш давлатимиз томонидан эътиборда.

Қайд этилишича, «Маданий мерос ва ижод платформаси»нинг мақсади Ўзбекистонда маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш ва ижодкорликни рағбатлантириш, барқарор туризмни ривожлантиришни таъминлашдан иборат. Бундан ташқари, маданий дастур ва ташаббусларни, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш бўйича ҳамкорлик асосларини қўллаб-қувватлаш ҳамда 2022–2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси ҳисса қўшишни мақсад қилган.

Фото: Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати

Платформанинг олдига қўйилган вазифалар сирасига, шунингдек, Ўзбекистонда маданий ва табиий меросни муҳофаза қилишни кучайтириш, маданий ва ижодий соҳаларни ривожлантириш ва барқарор туризмни ривожлантириш ҳам киради. Унга кўра:

  • Ўзбекистонда барча манфаатдор томонлар томонидан амалга оширилаётган маданий дастурлар/лойиҳалар/ташаббусларни доимий асосда аниқлаш ва хариталаш;
  • Ҳамкорликни таъминлаш орқали амалга оширилаётган фаолият/лойиҳаларнинг қийматини ошириш;
  • Маданият билан боғлиқ барча ишларни жорий сиёсат ва стратегиялар, аниқланган эҳтиёжлар ва ҳоказолар асосида мувофиқлаштирилган тарзда йўналтириш;
  • Хариталаштирилган иш натижалари асосида маданий мерос соҳасида халқаро ҳамкорлик, алоқа ва ёрдамни кучайтириш, маҳаллий ва халқаро институтлар ҳамда барча манфаатдор томонлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, фикр ва тажриба алмашиш учун майдонни таъминлаш ўрин олган.

«Маданий мерос ва ижод платформаси» бўйича учрашув давра суҳбати шаклида ўтказилган. Маданий тадбирларни аниқлаш ва харитасини тузиш, шунингдек, соҳадаги ҳамкорлик ва қўшма ташаббусларни муҳокама қилиш учун БМТ агентликлари, элчихоналар, халқаро ташкилотлар, тармоқ вазирликлари ва маданият соҳасида фаолият юритувчи донор агентликлар бир жойга жамланди. Ушбу ҳамкорликнинг мақсади — маданият, туризм ва ижодкорлик борасидаги тадбирларни режалаштириш ва амалга оширишдан иборатдир.

Аввалроқ Ислом академиясида 100 та нодир китоб тақдимоти бўлиб ўтганди. Шунингдек, Тошкентда «Янги Ўзбекистон» китоб-альбоми тақдимоти бўлиб ўтгани ва Тошкентда «Урушнинг кичик гувоҳлари» китобининг тақдимоти ўтказилгани маълум қилинганди.

Bugun — LIVE