Польша бош вазири Норвегияга нефть ва газ экспортидан тушган фойдани Украина билан бўлишишни таклиф қилди
Вазирнинг баёноти польшалик сиёсатчиларнинг муҳокамасига сабаб бўлди
Польша бош вазири Матеуш Моравецкий Норвегияга нефть ва газ экспортидан тушган фойдани Украина билан бўлишишни таклиф қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Таъкидланишича, сиёсатчи Норвегиянинг уруш туфайли газ ва нефть экспортидан катта фойда қилишини адолатсиз деб ҳисобламоқда.
«Норвегиянинг нефть ва газдан оладиган қўшимча даромади юз миллиард евродан ошади. Ҳурматли норвегиялик дўстлар, бу адолатдан эмас», — деган у польшалик ёшлар билан учрашувида.
Унинг фикрича, Норвегия нархлар ошиши шароитида қўшимча даромадни қадрлаб, энергия маҳсулотларини сотишдан олган фойдасини «дарҳол бўлишиши» керак.
Моравецкийнинг бу баёноти бир қатор польшалик сиёсатчиларнинг муҳокамасига сабаб бўлди.
«Бу мутлақ ҳит! Бош вазиримизнинг камералар олдида, жиддий ва ҳушёрлик билан берган баёнотини тингланг», — деб ёзган Польша Парламенти депутати Артур Дзиамбор.
Аввалроқ Эстония, Литва, Латвия ва Польша NATO’дан ҳар бир давлатдаги ҳарбийлар сонини 2 мингдан 6 минг кишигача оширишни сўраганди. Шунингдек, Польша президенти Анжей Дуда Украина Олий Радасида нутқ сўзлагани хабар қилинганди.