Жамият - 22:32 · 23.05.2022

Тошкент вилоятида икки нафар мактаб ўқувчиси 58 ёшли эркакни урди

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида икки нафар мактаб ўқувчиси 58 ёшли эркакни урди. Вилоят Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан маълумот берди.

Фото: Тошкент вилоят Ички ишлар бош бошқармаси

Аниқланишича, мазкур ҳолат 2022 йил 21 май куни соат тахминан 17:30 да содир бўлган. Вояга етмаган 8-синф ўқувчилари 2007 йилда туғилган Н.Л ва 2007 йилда туғилган Э.А. жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, одоб-ахлоқ номаларига зид равишда Чирчиқ шаҳар 4-кичик ноҳия ҳудудида 58 ёшли Р.А. ни (Юқори Чирчиқ туманида яшовчи) ҳеч бир сабабсиз уриб, безорилик содир этган.

Вояга етмаган 2008 йилда туғилган А.Н. эса (7-синф ўқувчиси) мазкур жараённи уяли алоқа воситаси орқали видео тасвирга олиб, кейинчалик ижтимоий тармоқларга тарқатилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қорақалпоғистон ЙҲХБ бошлиғи ходимларини ҳақоратлаб, уларни ургани акас этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалганди. Шунингдек, Сирдарё туманида 27 сентябрь куни ота-бола қўшнисининг бошига темир «труба» билан урганди.

Bugun — LIVE