Жамият, Жаҳон - 21:00 · 24.05.2022

Бугун оқшоми. Президентнинг топшириғи, солиқдаги янги раҳбарлар ва Намангандаги мудҳиш ЙТҲ

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Президент аҳоли ва тадбиркорликларни ёқилғи-энергия билан узлуксиз таъминлаш бўйича топшириқ берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум бўлишича, давлат раҳбари бу ҳақда 24 май куни нефть-газ хомашёсини қазиб олиш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган йиғилишда гапирган.

Йиғилишда давлат раҳбари, аввало, нефть-газ соҳасидаги трансформация жараёнига эътибор қаратиб, бу жараённи жадаллаштириш зарурлигини таъкидлаган. Халқаро консультантларни жалб қилиб, стратегик ёндашувларни белгилаб олиш, нефть-газ соҳасида ҳисоб-китоб механизмлари шаффофлигини таъминлаш вазифалари қўйилган.

Корхоналарни молиявий соғломлаштириш, операцион самарадорликни ошириш орқали харажатларни қисқартириш, бошқарув тизимини илғор хорижий тажриба асосида ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

Шавкат Мирзиеёв, 24 май куни, шунингдек, Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот ҳам қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бу ҳақда Россия раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди. Президентлар икки томонлама кун тартибининг асосий масалаларини, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қадамларни муҳокама қилган.

Шунингдек, мулоқотда Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига амалдаги раислигини ҳисобга олган ҳолда Евроосиё интеграция бирлашмалари доирасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилган.

Давлат раҳбарлари Россия—Ўзбекистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ниятларини тасдиқлаган. Шунингдек, долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар ҳам кун тартибида бўлган.

Кейинчалик Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати ҳам мазкур мулоқот тўғрисида маълумот берди. Таъкидланишича, Ўзбекистон ва Россия етакчилари ишбилармон доиралар ўртасидаги кооперация алоқаларини чуқурлаштириш ва ҳудудлараро алоқаларнинг катта салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлигини қайд этган.

Минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсат масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган. Икки мамлакат Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқлик, ишонч ва дўстоналик руҳида ўтган.

Солиқдаги ўзгаришлар: Фарғона вилояти Давлат солиқ бошқармасига Наманган вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи раҳбар бўлди.

Фото: Солиқ қўмитаси ахборот хизмати

Адҳам Тилаволдиев 23 май куни Фарғона вилояти Солиқ бошқармасига раҳбар этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди. Эслатиб ўтамиз, у 2018 йил сентябрь ойидан ушбу лавозимга тайинлангунгача Наманган вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Адҳам Тилаволдиев ўрнига Алишер Бойхонов 24 май куни Наманган вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Алишер Носирович Бойхонов тайинловга қадар Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган бўлган.

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Мудҳиш хабар: Наманганда «Жигули» мактаб ўқувчисини босиб кетди.

Скрин: Telegram/ @bugunuzlive

Наманган вилояти, Косонсой туманида 2008 йилда туғилган, вояга етмаган бола «Ваз-2106» русумли автомобилда ҳаракатланаётиб, бошқарувни йўқотиши оқибатида йўлнинг четида кетаётган 2008 йилда туғилган бошқа бир болани босиб кетди. Жабрланувчи оғир тан жароҳатлари олганлиги сабаб шифохонада вафот этган. Даҳшат. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати мазкур воқеа акс этган лавҳани ҳам эълон қилган. Диққат! Видеода аянчли кадрлар мавжуд.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Косонсой тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси ( Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Бировнинг машинасини олиб, айланиб келмоқчи эдик. Мактабдан қайтаётгандик, мен босоножкада эдим. Оёғим газга тиқилиб қолди, тормоз бераман деб, газни босиб юбордим.

Шу пайти бошқарувни йўқотиб, болани уриб юбордим. Машинадан тушиб, биринчи ёрдам кўрсатаман деб кўтармоқчи бўлдим, қўлимдан келмади. Кейин тез ёрдамга телефон қилдик. Бошқа машинага олиб, касалхонага олиб бордик», — деган рулдаги 14 ёшли бола.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати барча ота-оналардан вояга етмаган ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган фарзандларига автомобиль бошқаришга рухсат бермасликларини сўраган. Биз ҳам шуни сўраймиз. Илтимос ундай қилманг!

Яна бир оғриқли хабар: Ўзбекистонда 2 йил давомида неча киши ис газидан вафот этгани маълум бўлди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Таъкидланишича, бу ҳақда Олий Мажлис Сенатида 24 май куни бўлиб ўтган Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг йигирма олтинчи ялпи мажлис олдидан бўлган мажлисида маълумот берилган.

Сенаторларнинг қайд этишича, ўтказилаётган профилактик тадбирлар етарли даражада ўз самарасини бермаган. Оқибатда 2020 йилдан 2022 йилнинг ўтган даврида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 428 та ҳолат содир бўлган. Натижада 366 нафар фуқаро вафот этган ва 307 нафар шахс турли даражада жароҳатланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2022 йил бошидан 25 январгача бўлган муддатда 28 нафар фуқаро ис газидан вафот этгани маълум қилинганди.

Ўзбекистонда ўқувчилар репетиторга бормасдан олийгоҳга кира оладими? Биз Тошкент шаҳрида кичик сўровнома ўтказиб, одамларга шу савол билан мурожаат қилиб кўрдик.

Жавобларни қуйидаги видеода томоша қилишингиз мумкин:

Хўш, оламда нима гап?

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакат қуролли кучлари Сурияга қарши ҳарбий операция бошлашини маълум қилди.

Фото: «Al Arabiya»

Операциядан мақсад Сурия билан чегарадош жанубий ҳудуд бўйлаб хавфсизлик зонасини 30 километрга кенгайтириш ҳисобланади. Ҳарбий ҳаракатлар 26 майга режалаштирилган, Туркияга қарши ҳужумлар амалга оширилаётган ҳудудлар нишонга айланиши келтирилган.

«Туркия армияси ва разведка хизматлари тайёргарлик кўргандан сўнг, бу амалиётлар бошланади», — деган Туркия раҳбари.

Таъкидланишича, хавфсизлик зонасини кенгайтириш расмий Анқара назорати остида бўлмаган ва Сурия курдларининг ўзини-ўзи мудофаа кучлари бўлинмалари жойлашган Шимолий Сурия ҳисобланади. Туркия шу йўл билан Сурияда кўпроқ ҳудудларни қўлга киритиши мумкин, бироқ бунинг ортидан санкциялар қўлланилиши кутилмоқда.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE