Бухоро, Жамият, Фотогалерея - 12:13 · 24.05.2022

Бухорода бепул сабоқ бериладиган «Устоз-шогирд» амалий санъат маркази — суратларда

Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан бир қатор ОАВ вакиллари ва блогерлар учун Бухоро шаҳридаги «Устоз-шогирд» амалий санъат марказида маҳорат дарслари ташкил этилди. Бу ҳақда унда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, 2019 йилда ўз фаолиятини бошлаган ушбу марказда ёшларга бепул сабоқ берилади. Давлат Тошев раҳбарлик қиладиган мажмуада 30 нафардан ортиқ ўқувчи рассомчилик, «абру-бахор» санъати бўйича таҳсил олади. Улардан энг кичиги 9 ёшда, энг каттаси эса 31 ёшда бўлиб, 11 нафари имконияти чекланган болаларни ташкил қилади.

Давлат Тошевнинг сўзларига кўра, 2020 йилда ҳунарманд шогирдларининг илк кўргазмаси ҳам ташкил этилган. «Устоз ўгитлари» деб номланган кўргазмада мактаб биринчи қалдирғочларининг асарлари, ҳаттотлик илми акс этган миниатюралари намойиш этилган.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

«Шогирдларим бу ерда нафақат ҳунар ўрганишади балки ипак қоғозни ҳам ўзлари тайёрлашади. Миниатюра машшақатли санъат турларидан биридир. Уни англаш учун жуда чуқур қобилият, илм ва синчковлик даркор. Чунки қалам устаси ўзида бор илмини қоғозга туширади. Шунинг учун доимий изланиш зарур.

Ўз акам бўлмиш Даврон Тошевдан миниатюра сирларини ўрганганман. Уста деган номни олганимдан кейин масъулиятим ошди ва ўз устозимдан олган ўгитларимни шогирдларимга сингдириб боришга ҳаракат қиляпман. Келажакда бир нечта ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширишни мақсад қилиб қўйганмиз», — дейди Давлат Тошев.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Унинг айтишича, Франция билан ҳамкорликда 30 га яқин ёшлар 15 кунлик саёҳат билан Бухорога келишлари ва ундан 8 кунини ушбу мактабда ўтказиш режаси бор эди . Аммо пандемия сабаб бу лойиҳа орқага сурилган. Шунингдек, мактаб ўқувчиларининг ҳам Францияга ташрифи режада бор.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Маълумот ўрнида, «Абру баҳор» қоғозни бадиий безаш усули саналади. Форс тилидан олинган мазкур атама «Баҳор булутлари» маъносини билдиради. Мутахассислар «Абру баҳор»нинг ватани қаерда, деган масалада турли фикр – мулоҳазалар билдиришади. Улар орасида «Абру баҳор» Бухорода туғилиб, Эронда равнақ топган, Туркияда яшаб қолган», деган тахминни илгари сурганлар ҳам оз эмас.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухорода илк марта 21–25 май кунлари Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, мазкур фестивалини ўтказиш учун қанча маблағ ажратилгани айтилганди.

Bugun — LIVE