Жамият, Фарғона - 13:03 · 24.05.2022

Фарғона вилояти Солиқ бошқармасига янги раҳбар тайинланди

Адҳам Тилаволдиев 23 май куни Фарғона вилояти Солиқ бошқармасига раҳбар этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Солиқ қўмитаси ахборот хизмати

Маълум бўлишича, Адҳам Тилаволдиев Зиёвиддинович Президентнинг тегишли фармойишига асосан Фарғона вилояти Солиқ бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган. Ушбу тайинлов Фарғона вилояти ҳокимлигида Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят секторлари раҳбарлари, тегишли бошқармалар ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокидаги ташкилий йиғилиш давомида эълон қилинган.

Маълумот учун, Тилаволдиев 1965 йилда Тошлоқ туманида туғилган. Олий маълумотли, 1986 йилда Марғилон план-иқтисод техникумини, 1992 йилда Андижон иқтисодиёт ва бошқарув институтини тамомлаган.

Солиқ тизимидаги меҳнат фаолиятини 1997 йилда Тошлоқ тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи лавозимидан бошлаб, 2002–2017 йиллар давомида Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, бошқарма бошлиғи, Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, хўжалик бирлашма раҳбари бўлган, Фарғона вилояти ҳокимлигида масъул раҳбарлик лавозимларида ишлаган.

Келтирилишича, 2018 йилнинг январь ойидан сентябрига қадар қўмитанинг Жисмоний шахслар солиқ маъмуриятчилиги бош бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритган. У 2018 йил сентябрь ойидан ушбу лавозимга тайинлангунгача Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Аввалроқ Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига бошлиқ тайинланди. У тайинловга қадар бошқарма раҳбарининг ўринбосари вазифасида ишлаган.

Bugun — LIVE