Наманганда «Жигули» мактаб ўқувчисини босиб кетди — видео
Оқибатда 14 ёшли бола шифохонада вафот этган
Наманган вилояти Косонсой туманида 20 май куни «Жигули» 14 ёшли мактаб ўқувчисини босиб кетди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, воқеа соат 14:45 атрофида туманнинг Кушон МФЙ Ҳуррият кўчасида содир бўлган. Аниқланишича, «Ваз-2106» ҳайдовчиси автомобилда ҳаракатланаётиб, бошқарувни йўқотган ва оқибатида йўлнинг ўнг четида кетаётган пиёда, 7-синф ўқувчиси Х.Б.ни уриб юборган.
Оқибатда 14 ёшли бола оғир тан жароҳат сабаб шифохонада вафот этган. Мазкур ЙТҲ юзасидан Косонсой тумани ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси ( Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Бировнинг машинасини олиб, айланиб келмоқчи эдик. Мактабдан қайтаётгандик, мен босоножкада эдим. Оёғим газга тиқилиб қолди, тормоз бераман деб, газни босиб юбордим.
Шу пайти бошқарувни йўқотиб, болани уриб юбордим. Машинадан тушиб, биринчи ёрдам кўрсатаман деб кўтармоқчи бўлдим, қўлимдан келмади. Кейин тез ёрдамга телефон қилдик. Бошқа машинага олиб, касалхонага олиб бордик», — дейди ҳайдовчи.
Аввалроқ Бухорода чиқинди ташиш машинаси босиб кетган она ва бола воқеа жойида ҳалок бўлгани хабар қилинганди.