Иқтисод - 23:54 · 24.05.2022

Ўзбекистон 4 ойлик танаффусдан сўнг Хитойга газ экспортини тиклади — ОАВ

Ўзбекистон Хитойга ички талабни қондириш учун йил бошида тўхтатилган газ экспортини қайта тиклади. Бу ҳақда «Eurasianet.org» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Маълум қилинишича, ҳукумат етказиб бериш қайта тиклангани ҳақида эълон қилмаган, бироқ Хитой маълумотларига кўра, Тошкент Туркманистондан бошланиб Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали ўтувчи Марказий Осиё–Хитой қувури орқали газни яна экспорт қилмоқда.

Россиянинг «Neftegaz.ru» энергетика сайтининг Хитой бош божхона бошқармасига таяниб хабар беришича, 2022 йилнинг тўрт ойида Ўзбекистон Хитойга 132,8 миллион долларлик газ экспорт қилган. Аммо экспорт қилинган газ ҳажми очиқланмаган.

Январь–апрель ойларида Туркманистон Хитойга 2,87 миллиард долларлик газ етказиб бериб, биринчи ўринни эгаллаган. Қозоғистондан етказиб берилган газ нархи 270,6 миллион долларни ташкил қилган. Қозоғистон ва Ўзбекистон Хитойга қувур орқали газ экспорт қилиш бўйича мос равишда тўртинчи ва бешинчи ўринларда турмоқда.

Ҳар икки давлат ўсиб бораётган ички талабни қондириш учун келгуси йилларда газ экспортини тўхтатишни режалаштираётганини маълум қилган. Тошкент 2025 йилгача экспортни тўхтатишни белгилаган. Бу ўз навбатида, ҳар йили қишда Ўзбекистонда юзага келадиган электр тақчиллигини бартараф этиш учун чиқарилган газни қўшимча электр энергияси ишлаб чиқаришга йўналтириш имконини беради.

Шу ойда эълон қилинган расмий маълумотларга кўра, сўнгги уч йилда электр станцияларига газ етказиб бериш 13 фоизга, уй хўжаликларига эса 30 фоизга ошган.

Аввалроқ Ўзбекистон Хитойга 2022 йилнинг январь–февраль ойларида қанча табиий газ экспорт қилгани маълум бўлганди.

Bugun — LIVE