Иқтисод - 8:35 · 24.05.2022

Ўзбекистон ва Россия ўртасида янги сайёҳлик маршрутлари ишга туширилади

Россия Федерал туризм агентлиги Ўзбекистонга янги чартер дастурлари ва сайёҳлик маршрутларини ишга тушириш устида иш бошлади. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Келтирилишича, Россия Федерал туризм агентлиги раҳбари Зарина Догузова ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ўртасидаги музокаралардан сўнг бу ҳақда маълум бўлган.

«Азиз Абдуҳакимов билан учрашувда Зарина Догузова Россия мамлакатлар ўртасида туристик чартерларни йўлга қўйиш ва трансчегаравий сайёҳлик йўналишларини биргаликда ривожлантиришдан манфаатдор эканини маълум қилди. Ростуризм ўзбекистонлик ҳамкасблари билан янги чартер йўналишлари ва сайёҳлик маршрутлари устида иш бошлади», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Ростуризм раҳбари ўзбекистонлик ҳамкасби билан суҳбатдан сўнг 2022 йилда Россия ва Ўзбекистон туристлар оқими бўйича пандемиядан олдинги кўрсаткичлардан ошиб кетишни режалаштираётганини, 2019 йилда бу кўрсатккич 520 мингдан ортиқ саёҳатни ташкил этгани билдирган.

Ростуризм прогнозига кўра, 2022 йил ўзаро сайёҳлар оқими 20–30 фоизга ошиб, 700 минг кишига етиши кутилмоқда. Чунки Ўзбекистоннинг россиялик сайёҳлар орасида машҳурлиги сезиларли даражада ошган — май ойидаги таътил натижаларига кўра: республика россияликлар учун энг машҳур хорижий дам олиш йўналишлари учлигига кирган.

«Келгуси 3–5 йил ичида мамлакатлар ўртасидаги сайёҳлар оқими йилига 2 миллион саёҳат даражасига етиши мумкин. Ҳозирданоқ унинг ўсишига амалдаги визасиз режим ҳамда Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги тўғридан-тўғри рейсларга барча чекловларнинг олиб ташланиши ёрдам бермоқда. Бугун Ўзбекистон ҳақиқатда бутун постсовет ҳудудидаги энг ривожланган ҳаво йўналиши ҳисобланади: бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, ҳафтасига икки томонлама рейслар сони 100 тага етади. Бу, масалан, Миср ёки БААга бўлгандан ҳам кўпроқдир. Бундан ташқари, йўналишлар тармоғи ҳам кенг — Москва, Санкт-Петербург, Сочи ва бошқа вилоятлардан Тошкент, Самарқандга парвозлар амалга оширилмоқда», — дейди Догузова.

Учрашув якунида томонлар ўзаро сайёҳлик оқимини ошириш учун шарт-шароит яратиш бўйича чора-тадбирлар режасини имзолаган. Ҳужжатда икки томонлама ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, транспорт-логистика соҳасини такомиллаштириш, янги туристик йўналишлар яратиш ва бошқа йўналишлар кўзда тутилган.

Аввалроқ Тошкент ва Москва ўртасидаги авиақатновлар сони кўпайтирилиши хабар берилганди. Шунингдек, «Uzbekistan Airways» Москва аэропортларидан бири билан парвозларни қайта тиклаши ҳақида хабар қилинган.

Bugun — LIVE