Жамият - 17:10 · 24.05.2022

Ўзбекистонда 2 йил давомида неча киши ис газидан вафот этгани маълум бўлди

Олий Мажлис Сенатида 24 май куни Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг йигирма олтинчи ялпи мажлис олдидан мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда юқори палата ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар бирма-бир муҳокама қилинган. Шунингдек, «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуннинг ижроси, хусусан, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар муҳокама қилинган.

Маълум қилинишича, 2020 ва 2021 йилларда ҳамда 2022 йилнинг ўтган даврида ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистонда 8 миллиондан ортиқ хонадонларда иситиш тизимлари, дудбуронлар кўрикдан ўтказилган ва бошқа чора-тадбирлар амалга оширилган.

Шу билан бирга, мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича ОАВ, маҳаллалар, таълим муассасалари, ташкилот ва корхоналарда тарғибот тадбирлари ўтказилган.

Прокуратура органлари томонидан 105 та текшириш ўтказилган. Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан мутасадди ташкилотларга 30 дан ортиқ тақдимнома, 25 тадан зиёд огоҳлантирувлар киритилиб, 25 нафар шахс интизомий ва 4 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

Сенаторларнинг қайд этишича, ўтказилаётган профилактик тадбирлар етарли даражада ўз самарасини бермаган. Оқибатда 2020 йилдан 2022 йилнинг ўтган даврида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 428 та ҳолат содир бўлган. Натижада 366 нафар фуқаро вафот этган ва 307 нафар шахс турли даражада жароҳатланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2022 йил бошидан 25 январгача бўлган муддатда 28 нафар фуқаро ис газидан вафот этгани маълум қилинганди.

Bugun — LIVE