ЎзЖОКУнинг 4 йиллиги муносабати билан илмий-амалий анжуман ўтказилди
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг ташкил этилганлигига 4 йил тўлиши муносабати билан «Замонавий ахборот макони: бизни қандай келажак кутмоқда?» мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Bugun.uz»га университет ахборот хизмати хабар берди.

Анжуман очилишида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, сиёсий фанлар номзоди, профессор Шерзодхон Қудратхўжа, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев, ҳамда Ўзбекистон журналистлари уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров нутқ сўзлади.

Шундан сўнг тадбир университет кафедралари томонидан ташкил этилган 5 та шўбада давом эттирилди.
Булар:
- Интернет журналистика ва ижтимоий тармоқлар факультети томонидан ўтказилаётган «Кризис вазиятлар ва медиа макон: ахборот хавфсизлиги ва ҳаққонийлиги» мавзусидаги 1-шўба;
- Босма ОАВ ва ноширлик иши факультети томонидан ўтказилаётган «Миллий масс-медиада сўз эркинлиги ва замонавий тенденциялар: амалий тажриба ва ёндашувлар» мавзусидаги 2-шўба йиғилиши;
- Халқаро журналистика ва жамоатчилик билан алоқалар факультети Жамоатчилик билан алоқалар ва реклама кафедрасининг «ПР: креатив, коммуникатив, кредо» мавзусидаги 3-шўба йиғилиши;
- Халқаро журналистика ва жамоатчилик билан алоқалар факультети Хорижий тиллар кафедрасининг «Медиа соҳасида хорижий тилларни ўқитиш: қандай ёндашамиз» мавзусидаги 4-шўба йиғилиши;
- Халқаро журналистика ва жамоатчилик билан алоқалар факультети Телерадио ва халқаро журналистика кафедрасининг «Автомобиль соҳасида электромобил, медиа соҳасидачи? Бизни нима кутмоқда?!» мавзусидаги 5-шўба йиғилиши ўтказилди.


Университетни 2021/2022 ўқув йилида илк маротаба бакалавр босқичидаги 119 нафар талаба битиради. Магистратура босқичидаги битиручилар сони эса 144 нафар. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида 3 та факультет ҳамда 2 та бўлим мавжуд бўлиб, булар «Босма ОАВ ва ноширлик иши», «Халқаро журналистика ва жамоатчилик билан алоқалар», «Интернет журналистикаси» факультетлари ҳамда Сиртқи ва Магистратура бўлимларида талабалар таҳсил олиб келмоқда.


