Жаҳон - 19:50 · 24.05.2022

Пандемия ҳар 30 соатда янги миллиардерни яратади

Коронавирус пандемияси ҳар 30 соатда янги миллиардерни яратади. Бу ҳақда «Oxfam» халқаро ассоциацияси ҳисоботида маълум қилинди.

Фото: «Reuters»

Ҳисоботга кўра, озиқ-овқат ва энергетика соҳасидаги миллиардерлар ўз бойликларини ҳар 2 кунда бир миллиард долларга кўпайтиради, чунки зарурий товарлар нархи ўн йилликларга қараганда тезроқ ошмоқда. Пандемия бошланганидан бери дунёда ҳар 30 соатда янги миллиардер пайдо бўлган. Айни пайтда, ассоциация маълумотларига кўра, «ўта қашшоқлик» зонасига тушиб қолганлар сони дунёда юқори суръатлар билан ўсиб бормоқда.

Шундай қилиб, пандемия даврида 573 киши янги миллиардерга айланган. 2022 йилда 263 миллион киши ўта қашшоқлик чегарасидан пастга тушиши кутилмоқда. Озиқ-овқат ва энергетика соҳасидаги миллиардерларнинг бойлиги сўнгги икки йил ичида 453 миллиард долларга ошгани таъкидланган. Дунё миллиардерларининг умумий бойлиги ҳозир жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 13,9 фоизига тенг. Бу 2000 йилдаги 4,4 фоиздан уч баравар кўпдир.

«Шарқий Африкадаги одамлар очликдан ўлиши маънавий жиҳатдан оқланмайди, бироқ дунё миллиардерлари бойликлари озиқ-овқат ва энергия нархининг кескин кўтарилиши билан таъминланади», деди ташкилот раҳбари Дэнни Шрискандараджа.

Бешта йирик энергетика компаниялари — BP, Shell, TotalEnergies, Exxon ва Chevron биргаликда ҳар сонияда 2600 доллар фойда топади ва ҳозирда бу соҳада 62 нафар янги миллиардер бор.

«Oxfam» экспертлари ҳукуматларга корпорациялар ва ўта бой одамлар учун солиқларни оширишни ва бундан тушган даромадни ижтимоий хизматларни ривожлантиришга йўналтиришни тавсия қилган.

Аввалроқ ЖССТ коронавирус пандемияси тугамаганини эълон қилганди. Шунингдек, ковиддан кейин қайси касаллик янги пандемияга сабаб бўлиши айтилган.

Bugun — LIVE