Жаҳон - 9:39 · 24.05.2022

Қирғизистонга кузгача Ўзбекистон орқали қанча электр энергияси етказилиши маълум бўлди

Қирғизистон энергетика вазири ўринбосари мамлакат кузгача Ўзбекистон орқали қанча электр энергияси олишини маълум қилди. Бу ҳақда «Tazabek» хабар берди.

Фото: «Delfi»

Маълум қилинишича, депутат Русланбек Жақишов парламентдаги «Ишеним» фракцияси йиғилишида Энергетика вазирлигидан мамлакат Туркманистон, Қозоғистон ва Ўзбекистондан тўлиқ электр энергияси олиш ёки олмаслиги ҳақида сўраган.

Бунга жавобан энергетика вазири ўринбосари Тилек Айталиев Туркманистон 2021 йилда 500 миллион кВт/соат электр энергиясини тўлиқ етказиб берганини айтган. «2022 йилга келсак, етказиб бериш давом этмоқда ва йил охиригача 1,5 миллиард кВт/соат олишимиз кутилмоқда», — дея қўшимча қилган у.

Унинг айтишича, кузгача яна 1,3 миллиард кВт/соат электр энергияси Ўзбекистон орқали олинади.

Депутат Энергетика вазирлиги қўшни давлатлардан электр энергиясини қандай нархда сотиб олиши ва аҳолига қандай нархда сотилаётганини ҳам сўраган. Бунга жавобан Т. Айталиев электр энергияси Туркманистондан сотиб олинаётганини, бироқ туркман томонининг илтимосига кўра битим тафсилотларини ошкор қилиш мумкин эмаслигини айтган.

«Бу махфий маълумот, шу боис келишув тафсилотларини ошкор қилсак, Туркманистон томони билан муносабатлар бузилади», — деган у.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йилнинг дастлабки 8 ойида 46 миллиард киловатт электр энергияси ишлаб чиқарилгани хабар берилганди.

Bugun — LIVE