Жаҳон - 8:04 · 24.05.2022

Россия Украина билан музокараларни давом эттирмоқчи

Россия президентининг ёрдамчиси Владимир Мединский Кремль Украина билан музокараларни давом эттиришга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда «Москва 24» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Унинг сўзларига кўра, музокараларни тугатиш Украинанинг ташаббуси бўлган. «Ўз навбатида, биз мулоқотни давом эттиришга тайёрмиз. Аммо яна бир бор таъкидлайман: тинчлик музокараларини давом эттиришда тўп Украина томонида. Музокараларни музлатиш бутунлай уларнинг ташаббуси бўлган», — деган Мединский.

У Россия ҳеч қачон музокаралардан бош тортмагани, буни Россия президенти бир неча бор тасдиқлаганини қайд этган. «Давлат раҳбарлари ўртасида саммит бўлиб ўтиши учун жиддий тайёргарлик зарур. Давлат раҳбарлари суратга олиш учун эмас, якуний келишувларга эришиш ва ҳужжатларни имзолаш учун учрашиши керак», — деган расмий.

Шунингдек, Мединский бир ой олдин Россия Украина томонига шартнома лойиҳасини топширгани, унда бир қатор фундаментал позициялар келишиб олинганини айтган. «Биз олдинга силжишга тайёр эдик. Бироқ, ўшандан бери Украина томонидан мулоқотни давом эттириш истаги йўқ. Киев келишилган шартнома лойиҳасини расман тасдиқламаган. Биз ҳамкасбларимиз танаффус қилганига рози бўлмадик. Улар шошилмаяпти, шекилли. Тўп тўлиқ улар томонида», — деган Россия президентнинг ёрдамчиси.

Аввалроқ Украинанинг Россия билан ярашиш шарти маълум қилинганди. Шунингдек, Россияга қарши санкциялардан кейин дунёда нималар ўзгариши ҳақида хабар берилган.

Bugun — LIVE