Жамият - 23:23 · 24.05.2022

Шавкат Мирзиёев мактаб битирувчиларини «Сўнгги қўнғироқ» байрами билан табриклади

Шавкат Мирзиёев барча мактаб ўқувчиларини ўқув йили якуни билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари табрикда мамлакатдаги барча умумтаълим даргоҳларида «сўнгги қўнғироқ»лар янграб, қадрдон мактаб, меҳрибон устозлар билан хайрлашув тадбирлари ўтказилаётган ушбу қувончли ва ғоят ҳаяжонли дамларда барчага келгуси ҳаётда улкан ютуқ ва омадлар тилаган.

«Қадрли мактаб битирувчилари! Сизларни мактаб таълимини муваффақиятли тугатиб, мустақил ҳаётга – умрингизнинг янада гўзал ва масъулиятли босқичига қадам қўяётганингиз билан чин қалбимдан самимий табриклайман. Умид ва ишонч рамзи бўлган етуклик шаҳодатномалари барчангизга муборак бўлсин!», дея таъкидлаган Президент.

Келтирилишича, 2022 йилда республикада 390 минг нафардан зиёд ўқувчи ёшлар умумтаълим мактабларини битирмоқда. «Ҳеч шубҳасиз, ўз билим ва истеъдодини Ватанимиз ва халқимизга муносиб фарзанд бўлишдек олижаноб мақсадларга сарфлашга чоғланиб турган сиздек тиришқоқ ва интилувчан фарзандларимиз – бизнинг ишончимиз ва таянчимиз, Янги Ўзбекистоннинг олтин фонди, бебаҳо хазинасидир. Албатта, бугун юртимизда мактаб битирувчилари билан бирга уларнинг ота-оналари, устоз-мураббийлар учун ҳам унутилмас кундир. Ушбу қувончли айёмда уларни ҳам чин дилдан қутлаб, барчасига эзгу тилакларимизни изҳор этамиз», — дейди давлат раҳбари.

Файд этилишича, сўнгги йилларда мактабгача таълим, олий ва ўрта махсус таълим тизими сифат жиҳатидан кескин ўзгарган. Айниқса, мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланиб, бу борада туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги вақтда мамлакатда 10 мингдан зиёд давлат умумтаълим мактаблари билан бирга кўплаб нодавлат, давлат-хусусий шериклик шаклидаги мактаблар, Президент, ихтисослаштирилган ва ижод мактаблари фаолият юритаётгани ушбу тизимда қисқа муддатда чуқур таркибий ва сифат ўзгаришлари юз берганини кўрсатмоқда.

Биргина 2021 йилда 3,3 триллион сўм маблағ ҳисобидан 789 та мактабда қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Халқаро фан олимпиадаларида ўқувчилар қўлга киритган медаллар сони 3 баробар, минтақавий олимпиадаларда эса қарийб 2 баробар кўпайган, «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида 900 мингдан зиёд ўқувчи дастурлаш асосларини ўрганиб, сертификатга эга бўлгани эса барчани хурсанд қилади.

«Бутун ҳаётини ёш авлод тарбиясига бағишлаган жонкуяр ўқитувчилар, устоз-мураббийлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларнинг иш ва турмуш шароитини яхшилаш, жамиятдаги обрў-эътиборини оширишга муҳим аҳамият қаратилмоқда. Тараққий топган давлатлар тажрибаси асосида мактаб таълими учун ўқув дастури ва дарсликлар янгиланмоқда. Айниқса, умумтаълим мактаблари учун 326 номда ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар китоби ҳамда машқ дафтарлари яратилгани муҳим қадам бўлди. Юртимиздаги барча мактаблар юқори тезликдаги оптик толали интернет тармоғига уланиб, локал тармоқ ҳамда Wi-Fi ускуналари ўрнатилди», — дейди Президент.

Шунингдек, таъкидланишича, ҳозирги нотинч замонда болаларни юксак маънавият эгалари, чинакам ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кенг кўламдаги маънавий-маърифий тадбирлар амалга оширилмоқда, ёшлар ўртасида китобхонликни кучайтириш, уларни адабиёт, санъат ва спорт тўгаракларига янада фаол жалб этиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

«Азиз фарзандларим! Кейинги пайтда халқимиз, айниқса, униб-ўсиб келаётган сиз каби ёшларимиз учун Ўзбекистон улкан имкониятлар мамлакатига айланиб бормоқда. Республикамизда фаолият кўрсатаётган 162 та олий ўқув юрти, кўплаб касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумлар келгусида сизларнинг ўзингиз танлаган соҳалар бўйича етук кадр ва малакали мутахассис бўлишингиз учун хизмат қилади. Шунингдек, 78 та олий таълим муассасасида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиб, олий маълумот олиш ҳамда масофавий таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилди. Битирувчи ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилдаги 9 фоиздан бу йил 38 фоизга етказилди. Юртимизда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ўқувчилар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари, ногирон болалар учун профессионал таълим тизимида алоҳида имкониятлар яратилмоқда», — дейди давлат раҳбари.

Таъкидланишича, 2020–2021 ўқув йилида коллеж ва техникумларга тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган 1157 нафар, 2021–2022 ўқув йилида эса 1433 нафар ўқувчи қабул параметрларидан ташқари қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган.

«Аминман, сизлар ана шундай имкониятлар асосида етук мутахассислар бўлиб, келгусида юртимиздаги замонавий кластерлар, фермер хўжаликлари, ишлаб чиқариш корхоналари, катта-катта қурилишлар, фирма ва компаниялар, давлат ва нодавлат ташкилотлар, маданий ва ижодий жамоаларда иш бошлайсиз ва Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини оширишга албатта муносиб ҳисса қўшасиз. Мухтасар айтганда, мактабни битириб чиқаётган йигит-қизларимизнинг ҳар бири эл-юртимизнинг меҳри ва эътиборида бўлади. Бу борада жойларда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, сектор раҳбарлари, маҳалла жамоатчилиги ота-оналар ва устозларингиз билан биргаликда сизларга яқин кўмакчи ва маслаҳатчи бўлади. Мана шундай шукуҳли онларда сиз, азиз фарзандларимни мактаб таълимини муваффақиятли тамомлаб, ҳаётингизда дастлабки муҳим довондан ошганингиз билан яна бир бор табриклайман. Ҳеч қачон унутманг, келажакда сизни янада улкан ва масъулиятли марралар кутмоқда. Олдингизга аниқ мақсад қўйиб, бор куч-ғайратингиз, билим ва салоҳиятингиз билан ҳаракат қилсангиз, кўзлаган чўққиларга албатта эришасиз. Барчангизга ишда ва ўқишда, шахсий ҳаётда катта ютуқ ва омадлар тилайман. Доимо соғ-омон бўлинг! Интилиб, изланиб яшашдан асло тўхтаманг! Бахт ва омад ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин, азиз ўғил-қизларим!», дея якун ясаган Президент ўз табригида.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат соҳаси ходимларини табриклаганди.

Bugun — LIVE