Сиёсат - 17:27 · 24.05.2022

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан 24 май куни телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда «Kremlin.ru» хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентлар икки томонлама кун тартибининг асосий масалаларини, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қадамларни муҳокама қилган.

Шунингдек, мулоқотда Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига амалдаги раислигини ҳисобга олган ҳолда Евроосиё интеграция бирлашмалари доирасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилган.

Давлат раҳбарлари Россия—Ўзбекистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ниятларини тасдиқлаган. Шунингдек, долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар ҳам кун тартибида бўлган.

Кейинчалик Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати ҳам мазкур мулоқот тўғрисида маълумот берди. Таъкидланишича, Ўзбекистон ва Россия етакчилари ишбилармон доиралар ўртасидаги кооперация алоқаларини чуқурлаштириш ва ҳудудлараро алоқаларнинг катта салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлигини қайд этган.

Минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсат масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган. Икки мамлакат Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқлик, ишонч ва дўстоналик руҳида ўтган.

Аввалроқ Путин Улуғ Ватан урушидаги ғалаба муносабати билан Шавкат Мирзиёевга табрик йўллаганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Эммануэль Макронни Франция президенти этиб қайта сайлангани муносабати билан табрик йўллаганди.

Bugun — LIVE