Жаҳон - 15:05 · 24.05.2022

Зеленский Путин билан учрашиш шартини айтди

Украина президенти Владимир Зеленский урушни тугатиш масаласини ҳал қилиш учунгина Россия президенти Владимир Путин билан учрашишга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда «УНИАН» хабар берди.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Унинг сўзларига кўра, Москвада Путиннинг қарорисиз ҳеч қандай қарор қабул қилинмайди. Уларнинг барча институтларини Россия президентининг қарори бирлаштиради. Агар гап урушни тугатиш ҳақида борса, Путинсиз бу ҳал бўлмайди.

«Шунинг учун Россия президентисиз тинчликка эришиб бўлмайди. Улар қилган ишлардан сўнг, бу учрашувга нисбатан катта истак йўқлигини тушунасиз. Шунингдек, воситачи билан учрашиш нияти йўқ, бўлмайди ҳам.

Принципиал жиҳатдан мен Россия президентидан ташқари, Кремль расмийлари билан ҳеч қандай учрашувни қабул қилмайман. Учрашув мавзуси фақат урушни тўхтатиш бўлиши керак», — деган у.

Шунингдек, Украина президенти ҳар қандай уруш дипломатия билан тугаши, дипломатия тинчликка олиб келиши мумкинликини қайд этган.

«Тинчлик — бу ҳар бир оддий одамнинг орзуси. Менга ишонинг, фронтда бўлган ҳам, диванда ўтирган ҳам шуни орзу қилади. Баъзан бу иссиқ диванда ўтирганлар, ижтимоий тармоқларда бизни фронтда ҳимоя қилаётганларга қараганда кучлироқ жанг қилади, аммо бу замонавийлик», — деган у.

Аввалроқ Зеленский Россия қайси томондан мағлуб бўлганини айтганди. Шунингдек, у Россия билан урушни тўхтатиш шартини маълум қилган.

Bugun — LIVE