Жаҳон - 22:03 · 24.05.2022

Зеленскийнинг ўлимигача тайёргарлик кўрган Украина, Россиянинг эгаллаган ҳудудлари ҳажми ва Путин билан ўзи ўртасидаги фарқни айтган Филиппин президенти

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Унинг бошланганига бугун 3 ой бўлди. Қуйида 24 май куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Getty Images»

Украина президенти Владимир Зеленский ўзи вафот этган тақдирда нима бўлиши ҳақида ишлаб чиқилган режа ҳақида гапирди. Бу ҳақда «Медуза» хабар берди.

«Мен, бош вазир ва парламент раҳбари тайёрландик. Бизда парламентар–президентлик республикаси. Агар бирор йўқотиш бўлса, биз бу жараёнга ҳам тайёр бўлишимиз кераклигини тушундик. Биз Вазирлар Маҳкамасини иккига бўлдик, бу мамлакатни ана шундай оқибатлардан ҳам ҳимоя қилиши мумкин бўлган иккита дубл эди», — деган Украина етакчиси.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров «Раҳбарга 100 савол» лойиҳаси доирасида мактаб ўқувчилари билан суҳбатлашди. Бу ҳақда Вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Қуйида унинг нутқидан келтирилган асосий иқтибосларни ўқишингиз мумкин.

  • Махсус ҳарбий операция бошлангандан сўнг Ғарбнинг бундай тезлик билан русофоб позициясини эгаллаши мени ҳайратда қолдирди.
  • Биз барча Ғарб давлатлари томонидан имзоланган конвенцияларга мувофиқ руслар (улар қаерда яшамасин), русийзабон аҳоли ҳуқуқларини ҳимоя қилишга интиламиз.
  • Биз умумий Европа ҳуқуқий маконининг бирлигини таъминловчи тузилмадан, АҚШнинг қуролига айланган, деградацияга учраган Европа Кенгашидан мустақил равишда чиқдик.
  • Ватанимиз хавфсизлиги, иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасидаги муҳим тармоқларни ривожлантиришни таъминлаш учун ҳар қандай ҳолатда ҳам Ғарбдан бирор нарса олишга қарам бўлишни тўхтатишимиз керак.
  • Энди, Ғарб диктаторлик позициясини эгаллаётган вақтда бизнинг Хитой билан иқтисодий алоқаларимиз янада тез ривожланади.

Европа Иттифоқи бир неча кун ичида Россия нефтига эмбарго қўйиш бўйича келишиб олади. Бу ҳақда Германия иқтисодиёт вазири Роберт Хабекка таяниб, «Медуза» хабар берди.

«Яқин кунларда биз (бу масала бўйича — таҳририят) муваффақиятга эришамиз», — деган вазир. Таъкидланишича, бу аниқ қандай амалга оширилиши ҳозирча номаълум.

Хабекнинг таъкидлашича, эмбаргонинг жорий этилиши автоматик равишда Владимир Путин режимининг заифлашишига олиб келмайди, чунки нефть нархи ошиши туфайли Россия кичикроқ ҳажмларни сотиш орқали кўпроқ даромад олади. Унинг сўзларига кўра, бу борада Европа Иттифоқи ва АҚШ нефть нархининг ошишини чеклаш имкониятларини муҳокама қилмоқда.

«Бу ғайриоддий чора, аммо ҳозир вазиятнинг ўзи ғайриоддий. Агар кўплаб давлатлар бунга рози бўлса, келишув амалга ошади ва бу ютуқ», — деб қўшимча қилган сиёсатчи.

Россиянинг Украинада эгаллаб олган ҳудуди мамлакат умумий майдонининг 20 фоиз​​дан ортиғини ташкил этаётгани айтилди. Бу ҳақда «Forbes» хабар берди.

Таъкидланишича, айни вақтда Россия ишғоли остида Украина ҳудудининг тахминан 125 минг квадрат километри қолмоқда: булар Донецк, Луганск, Харьков, Херьсон, Запорожье вилоятлари ва Қримнинг қисмлари ҳисобланади.

Украиналикларнинг атиги 10 фоизи урушни тезроқ тугатиш учун Россияга ҳудудий жиҳатдан ён беришга тайёр. Киев халқаро социология институти сўровномаси натижаларига кўра шундай хулоса қилиш мумкин.

Маълум бўлишича, респондентларнинг 82 фоизи ҳеч қандай ҳудудий имтиёзларни мақбул деб ҳисобламайди. Ҳудудий ён беришга Украинанинг барча ҳудудларидаги, жумладан, шарқ (68 фоиз), жануб (83 фоиз) ва 24 февралдан кейин Россия томонидан босиб олинган ҳудудлардаги (77 фоиз) респондентларнинг мутлоқ кўпчилиги қарши эканини билдирган.

Таъкидланишича, сўров телефон орқали ўтказилган ва унда Қрим ва Севастополь ҳамда Донбассдаги ўзини республика деб эълон қилган ҳудудлардаги одамлар, шунингдек, Россия босқинчилиги бошланганидан кейин Украинани тарк этганлар қатнашмаган. Сўровномада жами 2 минг киши иштирок этган.

Филиппин президенти Родриго Дутерте Владимир Путинни Украинада тинч аҳолини ўлдирганликда айблади. Бу ҳақда «Independent» хабар берди.

Маълум бўлишича, Дутерте Путиннинг босқинни «махсус ҳарбий операция» деб таърифлашига эътироз билдирган ва бу аслида суверен давлатга қарши кенг кўламли уруш эканини айтган.

«Кўпчилик Путинни ҳам, мени ҳам қотил дейди. Мен сизга, филиппинликларга узоқ вақт олдин айтганман, мен одам ўлдираман. Лекин мен жиноятчиларни ўлдираман, болалар ва қарияларни ўлдирмайман. Биз икки хил дунёдамиз», — деган Дутерте.

Эслатиб ўтамиз, Филиппин президентининг ўзи гиёҳванд моддаларни сотиш кампанияси доирасидаги оммавий қотилликларда айбланмоқда. Расмий версияга кўра, у 6 минг кишининг ўлимига сабаб бўлган, аммо ҳуқуқни ҳимоя қилувчи гуруҳлар бу рақам бундан каттароқ деб ҳисоблайди.

Bugun — LIVE