Жамият, Сурхондарё - 10:33 · 25.05.2022

Ангор тумани мактабгача таълим бўлими 1,3 млрд сўмлик лойиҳани корхонага тендерсиз топширди

«Xarid.uzex.uz» порталида 24 май куни Сурхондарё вилояти Ангор тумани мактабгача таълим бўлими томонидан ўтказилган тўғридан тўгри давлат хариди ҳақида маълумот эълон қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Унга кўра, Ангор туман МТБ Сурхондарё вилоятидаги бир нечта боғчаларни қуриб келаётган «Surkhon Sandwich» МЧЖ дан туманнинг Юқори Таллашқон маҳалласидаги 120 ўринли мактабгача таълим муассасаси биносини сотиб олиши керак бўлган. Ушбу шартнома 2022 йил 27 январь куни туман МТБ раҳбари Гулчеҳра Бобомуратова томонидан имзоланган. Аммо шартномада давлат идораси давлат буджетидан ажратилаётган 1,3 миллиард сўм нима сабабдан айнан «Surkhon Sandwich» МЧЖ га берилаётганини асослантирмаган.

«Bugun.uz» таҳририяти ушбу шартномага Ангор тумани ҳокимининг 2021 йил 9 декабрдаги 262-8-109-Q/21 сонли қарори асос қилиб олинган бўлиши мумкинлигини таxмин қилмоқда. Қарорда Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгаши 2021 йил 27 июлдаги VI-31-55-8-0-K/21-сон қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Ангор туман Юқори Таллашқон МФЙ худудидан «Енгил конструкцияли» (Сенвендч панел) 120 ўринли мактабгача таълим муассасаси қуриш учун эр ажратилиши кўзда тутилган. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Ш.Мирзаев зиммасига юклатилган.

Аммо орадан деярли икки ой ўтиб, 2022 йил 27 январь куни ҳокимининг ер ажратилиши ва “боғча” қуриш ҳақидаги қарори Ангор туман адлия бўлимининг тақдимномалари асосида бекор қилинган. Бироқ айнан шу куни, 2022 йил 27 январда Ангор туман мактабгача таълим бўлими «Surkhon Sandwich» МЧЖ билан 1,3 миллиард сўмлик шартнома имзолаган. Шартномага деярли ҳеч қандай асос келтирилмаган, асос сифатида келтириш мумкин бўлган қарор шу кунда бекор қилиб бўлинган.

Скрин: «Xarid.uzex.uz»
Скрин: «Xarid.uzex.uz»

Шунга қарамай, давлат харидини амалга оширишда Ангор туман мактабгача таълим бўлими Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг VI-50-98-8-0-K/22 сонли қарорига асосланган. Аммо қарорда “Юқори Таллашқон” МФЙ худудида боғча қуриш ҳақида бирор сўз бормаган.

Қарорга кўра, давлат буджети заҳира маблағлари (77,7 миллиард сўм) ҳисобидан 2021 йилда Ангор туманида қурилган 3 та енгил конструкцияли (сенвендч панел) мактабгача таълим муассасаларини қурилиш ишларидан юзага келган қарздорлик учун 150 миллион сўм ажратилиши керак бўлган.

Ҳақиқаттан ҳам 2021 йилда Ангор туманида 3 та енгил конструкцияли МТТ қурилиши ҳақида қарорлар мавжуд. Булардан иккиси туман ҳокимига тегишли, яна бири Президент қарорига асосан амалга оширилган. Аммо юқоридаги Юқори Таллашқон МФЙда МТТ қурилиши бўйича амалдаги ҳеч қандай қарорни топишнинг иложи бўлмади.

Президент қарорига асосан реконструкция қилинган МТТ биноси қурилиши бўйича маълум ноаниқликлар аниқланди. Яъни Сурхондарё вилоят МТБ Ахборот хизматининг 26 апрель куни эълон қилган маълумотига кўра, Новшаҳар маҳалласидаги МТМ «Динара» МЧЖ томонидан янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган. Шу билан бирга 3 март куни “Юқори Таллашкон” маҳалласидаги боғчани қуриши керак бўлган «Surkhon Sandwich» ҳам ўз телеграмм каналида Ангор туманида корхона томонидан қуриб битказилган бино ҳақида маълумот берган, кадрларда ўша Новшаҳар маҳалласидаги МТТ ва очилиш маросими кўрсатиб ўтилган.

Президентнинг қарорига кўра, лойиҳаларни бажарувчи корхоналар тендер асосида танланиши керак. Новшаҳар маҳалласидаги 17 сонли МТМнинг қурилиши учун тендер ўтказилгани бўйича давлат харидлари порталидан маълумот топишнинг иложи бўлмади.

Қайт этиш жойизки, Ангор туман Юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсулти У.Тоғаев Ангор туман мактабгача таълим бўлими ва «Surkhon Sandwich» МЧЖ ўртасидаги шартномани қонун ҳужжатларига мувофиқлиги бўйича ҳуқуқий хулоса берган, аммо қайси қонунга асосланганлигини келтириб ўтмаган.

Скрин: «Check.ijro.uz»

Айни вазиятда масала боғча нега қурилаётганида эмас, балки қурилиш жараёнининг шаффоф, қонуний ўтказилаётгани, шунингдек, тендер асосида текширилган, ишончли тадбиркор томонидан амалга оширилаётганида эканлигини таъкидлаб ўтиш жоиз. Мазкур давлат харидининг қонунийлиги масаласи тегишли давлат идоралари томонидан ўрганиб чиқилади деган умиддамиз.

Bugun — LIVE