Жамият, Жаҳон - 21:00 · 25.05.2022

Бугун оқшоми. Айрим шахсларга бериладиган ёрдам пули, мактаб деразасидан сакраган ўқувчи қиз, Қримни ҳам қайтармоқчи бўлган Зеленский

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Бугун — 25 май — мактабларда сўнгги қўнғироқ куни. Кимлар учундир хурсандчилик, яна кимлар учундир қайғули кун. Битирувчи синф ўқувчиларининг бўйнига энди маъсулият тушади, улар жиддий(роқ) ҳаётга қадам қўймоқда. Бунинг муносабати билан Президент, жамоат арбоблари, блогерлар ва албатта, ўқитувчилар уларга ўз тилак ва тавсияларини билдиришмоқда.

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Шу қаторда «Bugun.uz» жамоасидан ҳам қисқа (тавсиявий характерга эга) тилак бор: ўқишга ва янги нарсаларни ўрганишга бўлган иштиёқингиз ҳеч қачон сўнмасин, ўқишларингизни (том маънода) нуфузли ОТМларда давом эттириш насиб қилсин (бунинг учун омаднинг ўзи камлик қилади, тайёрланишдан тўхтаманг). Сизларга осон: ҳаётда, умуман, нима қилиш кераклигини эмас, нима(лар) қилмаслик кераклигини билсангиз кифоя, бунинг учун ҳаёт аталмиш мактаб бор, сиз унга энди қадам қўйдингиз. Изланишдан тўхтаманг, мақсадларни катта олинг, хайми? Омадингизни берсин!

Ҳурматли (ва бугун эйфорияда юрган) битирувчилар, сизлар учун яна бир маълумот: бу йил бутун республикадаги умумтаълим мактабларини 10 130 нафар ўқувчи тамомламоқда. Бу дегани, сизларнинг (лицей ва коллеж ўқувчиларини ҳисобга олмаса) камида шунча ОТМга киришдаги рақобатчингиз бор. Яхшилаб тайёрланинг, ўқишга кирганлар қаторида бўлиш ҳам ўзгача ҳис, буни сиз албатта туйишингиз керак.

Қашқадарёда илдизигача бетонлаб кетилган 8 та дарахт «қутқарилди».

Вилоятнинг Қарши шаҳри Табассум маҳалласи Баҳодир Шерқулов кўчасида 8 туп шумтол дарахти бетонлаб кетилди. Вилоят Экология бошқармаси ушбу дарахтларни зудлик билан «қутқарган»: илдизлари очилиб, сув қуйиш ва ишлов бериш учун қулай ҳолатга келтирилган.

Фото: Қашқадарё вилояти Экология бошқармаси ахборот хизмати

Мана шу ерда депутат Расул Кушербаевнинг (айтганча, у совуқ тушгани учун «печка»ларни ёқишни ўйламоқда, энди ёз келаётган вақтда бу ҳақда ўйлаш ҳавотирли — соғлиққа эътибор бериш керак) яқиндагина Twitter саҳифасида қолдирган (линкларга «қуролланмаган» ҳолатда киролмайсиз, чунки кўпчилик депутат қатори Кушербаев ҳам муҳокамасида қатнашган (балки рози бўлган) қонун билан ижтимоий тармоқ блокланган) твитидан иқтибос келтиришни жоиз топдик: «Ботишга тўсқинлик бўлмайди, тўсқинлик кўтарилишда бўлади доим». Депутатнинг гаплари юқоридаги вазиятга ҳам тўғри келади.

Қадрли битирувчилар (узр, бутун бошли дайжест сизларга аталди), шу гапни эслаб қолинглар, балки керак бўлар (бирор жойга шунчаки ёзиш учун эмас, билиб қўйиш, огоҳ бўлиш учун).

Фарғонада 8-синф ўқувчиси ўзини деразадан ташлади. Худди машҳур гифдагидек.

Фарғона вилояти Қўштепа туманида 22-мактабнинг 8-синф ўқувчиси 23 май куни дарс пайтида деразадан сакради — ўқув йилининг эсда қоларли (ва ҳайриятки, жароҳатсиз) якуни. Тармоқларда тарқалган видео бўйича Вилоят Халқ таълими бошқармаси тушунтириш берди.

Унга кўра, мактабнинг 8-синф ўқувчиси (қиз бола) дарс пайтида калитни уйига ташаб келиш учун рухсат сўраган. Кимё фани ўқитувчиси дарс тугашига 5 дақиқа қолганини билдирган. Бироқ у ўқитувчининг гапига қулоқ солмасдан деразадан сакраб, қочиб кетган. Шундан сўнг ўқитувчи уни қайта синф хонасига олиб кириб танбеҳ берган, аммо ўқувчи қиз яна деразадан қочиб кетган.

Ўқувчи соғ-саломат, ҳеч қаеридан жароҳат олмаган. Ҳозирда вазият назоратга олинган, ўрганиш ишлари давом этмоқда (ўқитувчининг қизни тергаб, қўл кўтаргани юзасидан ҳам).

Ҳурматли битирувчилар, энди бу онлар қайтмайди, сиз энди мактабингизда бундай шўхлик қилолмайсиз. Бунга имконияти бор мактаб ўқувчиларига ҳам тавсиямиз шу: бу ишни умуман такрорлай кўрманг. Юқоридаги ҳолатни бир машҳур гифга (қуйида) ўхшатган бўлишингиз мумкин (энг камида биз ўхшатдик).

Ҳайратонда Ўзбекистон ва Афғонистон чегара хизмати раҳбарлари учрашув ўтказди.

Балх вилояти Ҳайратон шаҳрида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари штаб бошлиқлари ва Афғонистон муваққат ҳукумати Мудофаа вазирлиги масъул раҳбарлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Бу маълумотни бизга Афғонистоннинг Термиз шаҳридаги консулхонаси расмийси тасдиқлади.

Фото: Афғонистон муваққат ҳукумати Мудофаа вазирлиги

Икки давлат чегара хизмати командирларидан иборат делегациялар учрашувда Афғонистон ва Ўзбекистон чегарасида тушунмовчилик ва муаммоларнинг олдини олиш масалаларини муҳокама қилган.

Йиғилишда «Толибон» ҳукумати 6-чегара дивизия қўмондони Ғусуддин ва Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинлари минтақавий штаби бошлиғи Илдар Холназаров ҳамда бригада командири Аброр Бердиев иштирок этган.

Шавкат Мирзиёев Техас штатидаги мактабда содир этилган отишма юзасидан Жо Байденга ҳамдардлик билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 25 май куни Америка Қўшма Штатларининг Техас штати Ювалде шаҳарчасида содир бўлган отишма оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан АҚШ президенти Жозеф Байденгa ҳамдардлик йўллаган.

Маълумот ўрнида, АҚШнинг Техас штатидаги мактабда 24 май куни эркак отишма содир этган. Оқибатда 19 нафар ўқувчи ва икки нафар катта ёшли одам ҳалок бўлган. Ҳолат юзасидан мамлакат президенти Жо Байден Қўшма Штатлардаги қурол лоббисини тўхтатишга чақирган.

Пенсионерлар, нафақахўрлар, кам таъминланганлар бир марталик пул ёрдами олади.

«Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Президент қарори қабул қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Унга кўра, қуйидаги шахсларга бир марталик ёрдам берилади:

ёшга доир, ногиронлик пенсияси ва нафақасини олувчиларга, болаликдан ногиронлик нафақасини ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ва нафақасини олувчи ҳар бир оила аъзосига ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парваришлаш нафақасини олувчиларга:

  • Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — 300 минг сўмдан;
  • Тошкент шаҳрида — 400 минг сўмдан.

«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга ҳамдa кам таъминланган сифатида болалар нафақасини олувчи оилаларнинг ҳар бир 18 ёшга тўлмаган боласига – 200 минг сўмдан.

Ўзбекистонга нам ва салқин ҳаво кириб келади. Қатор ҳудудларда сел келиш хавфи эълон қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларига 26 май куни, республиканинг барча ҳудудларига 27-28 май кунлари Кавказ ҳудудларидан нам ва нисбатан салқин ҳаво кириб келади. 27–28 май кунлари республика ҳудуди бўйича, 29 майда тоғ олди ва тоғли ҳудудларда вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин.

«Ўзгидромет» Ўзбекистоннинг тўққизта вилоятида 27–29 май кучли ёғингарчилик оқибатида сел келиш хавфини эълон қилди. Тўлиқ рўйхат билан бу ерда танишиб чиқишингиз мумкин.

Ўқиш қатъий тавсия этилади:

  • Ангор тумани мактабгача таълим бошқармаси 1,3 млрд сўмлик лойиҳани корхонага тендерсиз топширди — батафсил;
  • Шомуродовнинг саралашдаги голидан Норвегиядаги қақшатқич мағлубиятгача: «Рома»нинг КЛ финалигача босиб ўтган йўли ҳақида.

Хўш, оламда нима гап?

Қирғизистон мактабларида мадҳия айтиш мажбурий бўлади.

Халқ таълими вазирлиги раҳбари Алмазбек Бейшеналиев мадҳия ҳар ҳафта бошида ва охирида ўтказилишини айтган. У бу ташаббус «ўқувчиларда миллий онг ва ватанпарварликни мустаҳкамлаш»га қаратилганини таъкидлаган.

Фото: «Kaktus»

Қирғизистон мадҳияси 1992 йил 18 декабрда Республика Олий Кенгашининг 1141-XIII сонли қарори билан тасдиқланган. Дастлаб, мамлакатнинг асосий куйи учта мисра ва хордан иборат бўлган, аммо 2012 йил охирида Жогорку Кенеш иккинчи байтни чиқариб ташлашга қарор қилган.

Қирғизистон билан чегарадош Ўзбекистоннинг Андижон вилояти эса Андижон полкаси мажбурий бўлган эди. Балки қирғизлар ҳам «илғор чет эл тажрибаси» сифатида кўришгандир ушбу ҳаракатларни.

Зеленский Украина руслар томонидан босиб олинган ҳудудлар қайтарилгандан кейингина музокараларга қайта киришишини маълум қилди. У Қримни ҳам қайтариб олмоқчи.

Украина президенти Владимир Зеленский Россия билан музокаралар столига қайтиш масаласи ҳақида гапирди. У босиб олинган ҳудуд рус босқинчиларидан озод қилинмаса, ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар қийин кечишини қайд этган.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

«Барча украиналиклар учун ғалаба — ҳудудимизнинг қайтиши. Албатта, ҳам Донбассдаги, ҳам Қрим ярим оролидаги бутун ҳудудимизни қайтаришимиз керак. Аввало, 24 февралдаги чегараларга қайтишни истардим. Шундан кейингина музокаралар столида бўламан», — деган Владимир Зеленский.

Украина президенти дунёни Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга чақирган. Шунингдек, Японияга Киев ва унинг суверенитетини халқаро қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирган.

Bugun — LIVE