Жаҳон - 17:04 · 25.05.2022

Ироқлик эркак АҚШ собиқ президентига суиқасд уюштирмоқчи бўлди

«ИШИД» террорчилик ташкилоти билан алоқадор ироқлик жангари АҚШнинг собиқ президенти Жорж Бушга суиқасд уюштиришни режалаштиргани маълум бўлди. Бу ҳақда «Forbes» хабар берди.

Фото: «ABC News»

АҚШ Федерал қидирув бюроси сиёсатчига нисбатан суиқасднинг олдини олган. Махфий хизмат жангарининг WhatsApp’даги аккаунтини кузатиш орқали унинг режаларини фош қилган. Гумонланувчи қотилликни уюштиришга Ироқ, Туркия, Миср ва Данияда яшовчи 4 нафар Ироқ фуқаросини жалб қилмоқчи бўлган. Бундан ташқари, у Техасга Жорж Буш уйини видеога олиш учун келгани аниқлаган.

Ироқлик эркак Огайо штати Колумбус шаҳрида яшайди, унинг исми ошкор этилмаган. У АҚШга 2020 йилда бошпанага рухсатнома олиш учун келган. Эркак ўз ҳаракатини 2003 йилда АҚШ босқинидан кейин минглаб ироқликларнинг ўлими учун Бушни масъул деб билиши билан изоҳлаган.

2003 йил 20 мартда АҚШ Ироққа бостириб киришни бошлаган. Мамлакат расмийлари уларнинг мақсади халқаро терроризмга қарши курашиш ва оммавий қирғин қуролларини излаш эканини таъкидлаган. Коалиция тузиш учун бир қатор бошқа давлатлар Қўшма Штатларга қўшилган.

Аввалроқ Россия президентига суиқасд уюштирилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Эрон хакерлари Тўқаевга қарши суиқасдда Исроил разведкасини айблаганди.

Bugun — LIVE