Сиёсат - 16:33 · 25.05.2022

Ўзбекистон ва Афғонистон чегара хизмати раҳбарлари учрашув ўтказди

Балх вилояти Ҳайратон шаҳрида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари штаб бошлиқлари ва Афғонистон муваққат ҳукумати Мудофаа вазирлиги масъул раҳбарлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Бу маълумотни «Bugun.uz»га Афғонистоннинг Термиз шаҳридаги консулхонаси расмийси тасдиқлади.

Фото: Афғонистон муваққат ҳукумати Мудофаа вазирлиги

Маълум бўлишича, икки давлат чегара хизмати командирларидан иборат делегациялар учрашувда Афғонистон ва Ўзбекистон чегарасида тушунмовчилик ва муаммоларнинг олдини олиш масалаларини муҳокама қилган.

Йиғилишда «Толибон» ҳукумати 6-чегара дивизия қўмондони Ғусуддин ва Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинлари минтақавий штаби бошлиғи Илдар Холназаров ҳамда бригада командири Аброр Бердиев иштирок этган.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид «Толибон» ҳаракатини ўз ҳудудини кенгайтиришга интилмаслиги ва ҳеч қандай террорчи гуруҳларнинг мамлакат ҳудудидан бошқа давлатларга ҳужум қилишига йўл қўймаслигини маълум қилганди.

«Bugun.uz» мухбири Ўзбекистоннинг чегарадаги хавфсизлик масаласидаги позицияси қандай эканини билиш мақсадида Президентнинг махсус вакили Исматилла Эргашев билан суҳбатлашган.

Bugun — LIVE