Жамият - 23:27 · 25.05.2022

Тошкентдан Истанбулга учган самолёт бошқа аэропортга қўнишга мажбур бўлди

Тошкентдан Истанбулга 25 май куни учган самолёт бошқа аэропортга қўнишга мажбур бўлди. «Uzbekistan Airways» бунинг сабабини маълум қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Келтирилишича, HY-273 «Тошкент — Истанбул» авиақатновини амалга оширувчи ҳаво кемаси жадвалга мувофиқ Тошкентдан парвозни бошлаган. Аммо техник сабабларга кўра Тошкент вақти билан соат 21:10 да «Трабзон» аэропортига мажбурий қўнишни амалга оширган.

Ҳозирда ҳаво кемаси бортидаги 240 йўловчи ҳаётига ҳеч қандай хавф туғдирмаяпти. Яқин вақт ичида барча йўловчилар Трабзон шаҳрида жойлашган меҳмонхонага жойлаштирилиб, тез фурсатларда белгиланган манзилга — Истанбул шаҳрига етказилади.

«Ўз навбатида, ушбу сабаб туфайли ‘HY/25МАЙ22 Истанбул — Тошкент’ йўналиши бўйича авиақатнови вақти кечиктирилади (Истанбул маҳаллий вақти билан жадвалга мувофиқ 21:45 режалаштирилган парвоз). Айни вақтда Истанбулдан Тошкентга йўловчиларни олиб кетиш учун резерв ҳаво кемасини юбориш масаласи ишлаб чиқилмоқда. Келтирилган ноқулайликлар учун йўловчилар ва уларни кутиб олувчилардан узр сўраймиз, шунингдек, юзага келган вазиятни тўғри тушунишингизни сўраб қоламиз», дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистондан Қозоғистонга учиши режалаштирилган самолётлар йўналиши мажбуран ўзгартирилганди. Шунингдек, Миср ва Туркиядан 16 март куни учган самолётлар туман сабаб Тошкент аэропортига қўнолмагани хабар берилганди.

Bugun — LIVE