Жамият - 11:38 · 25.05.2022

Туркия Олий кассацияси бош прокурори «Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг фахрий ходими» кўкрак нишони билан тақдирланди

Бош прокуратурада 25 май куни Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ва Туркия Олий кассациасияси бош прокурори Бекир Шахин ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Bugun.uz»га прокуратура ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бош прокуратура ахборот хизмати

Учрашув давомида Туркия делегацияси вакилларига Президент бошчилигида давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек Ўзбекистон прокуратура органларининг фаолият йўналишлари ҳақида маълумот берилди.

Мулоқотда томонлар ўзаро манфаатли бўлган кенг қамровли масалаларни муҳокама қилдилар ва идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари бўйича фикр алмашди. Учрашувнинг асосий воқеаси Бош прокуратура ва Туркия Олий кассация суди Бош прокуратураси ўртасида Англашув меморандуми имзолангани бўлди.

Ушбу ҳужжат прокуратура органлари фаолият йўналишлари юзасидан илғор тажриба алмашиш орқали икки томонлама шерикликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши таъкидланди. Учрашув якунида Бекир Шахин идоралараро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун «Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг фахрий ходими» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Фото: Бош прокуратура ахборот хизмати

Сўнгра Туркия делегацияси аъзолари учун Бош прокуратура музейига экскурция ташкил қилинди. Делегация аъзолари музейнинг суд-ҳуқуқ соҳасининг қадимги ва ўрта аср давридаги маълумотларидан бошлаб, Туркистон АССР, иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги йиллар, мустақиллик остонаси ҳамда хозирга давр тарихи билан танишиб, ўзларида ёрқин таассуротлар уйғотишди.

Кейинги манзил Бош прокуратура Академияси бўлиб, делегация аъзолари Академиянинг фаолияти билан яқиндан таништирилди. Туркия делегацияси аъзолари истиқлолимизнинг ўттиз йиллигига бағишлаб бунёд этилган ва атрофга кўрк бериб турган «Янги Ўзбекистон» боғига ташриф буюришди.

Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов Туркия Республикаси Олий кассация суди Бош прокурори Бекир Шахин билан учрашди. Учрашув давомида Адлия вазири меҳмонларни вазирлик фаолияти, унинг вазифалари, Ўзбекистонда адлия ва ҳуқуқ соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан таништирилиб, келгусида икки давлат ўртасида тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан келишиб олинди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Олий суди раиси Козимжон Комилов Туркия Республикаси Олий кассация суди Бош прокурори Бекир Шахин билан учрашди. Учрашувда томонлар давлатларимиз суд ҳокимиятлари ўртасида конструктив ва ўзаро манфаатларга асосланган ҳамкорликни янада кенгайтириш тарафдори эканлигини таъкидлашди.

Bugun — LIVE