Жаҳон - 22:33 · 25.05.2022

Украинада юзага келган ядровий можаро эҳтимоли, Россия ҳаракатларини геноцид деб тан олган давлатлар ва санкцияларнинг 7-пакети

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 25 май куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «CNBC»

БМТ расмийси Украинада ядровий можаро юзага келиши эҳтимоли ҳақида гапирди

БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси раҳбари Рамеш Раджасингхам Украинада ядровий можаро хавфи борлигини маълум қилди.

«Бир пайтлар ақлга сиғмайдиган ядровий можаро эҳтимоли энди яна пайдо бўлди», — деган у.

Европа Иттифоқи санкциялар доирасида россиялик бизнесменларнинг 10 миллиард евро миқдоридаги активларини музлатиб қўйди

Украинада ҳарбий операция бошланганидан кейин музлатилган россиялик ишбилармонларнинг мол-мулкининг умумий қиймати 10 миллиард еврони ташкил қилди, дея хабар берди Европа комиссияси. Қайд этилишича, 8 апрелда бу кўрсаткич атиги 6,7 миллиард еврони ташкил қилган.

Аниқлик киритилишича, қайд этилган рақам, хусусан, россиялик тадбиркорларнинг музлатилган кўчмас мулклари, қимматли қоғозлари, яхталари ва автомобиллари нархини ўз ичига олади. Ҳисоблашда фақат 24 февралдан кейин фойдаланиш тўхтатилган мулк ҳисобга олинган.

Олти мамлакат парламентлари Россиянинг ҳаракатларини Украина халқининг геноциди сифатида тан олди

Эстония, Латвия, Канада, Польша, Литва ва Чехия парламентлари Россиянинг ҳаракатларини Украина халқига қарши геноцид сифатида тан олди.

Бу ҳақда Олий Рада раиси Руслан Стефанчук Facebook’да маълум қилиб, Украина парламенти ҳам Россия жиноятларига баҳо берганини эслатиб ўтди.

«Россиянинг ҳаракатини Украина халқининг геноциди деб тан олган мамлакатлар парламентларига раҳмат! Бундай қарорни қўллаб-қувватловчи давлатлар сони ортиб боришига чин дилдан ишонаман. Россия жиноятларини Украина халқининг геноциди деб тан олиш, биринчи навбатда, минглаб бегуноҳ ўлдирилган украиналиклар, хусусан, болалар хотирасига ҳурмат», — деган у.

Европа кенгаши раҳбари Россия нефтига нисбатан эмбарго ой охиригача тасдиқланишига ишонч билдирди

Европа Иттифоқи давлатлари яқинда Россия нефтига эмбарго қўйиш ҳақида қарор қабул қилади. Бу ҳақда Европа кенгаши президенти Шарль Мишель «Sky News» телеканалига берган изоҳида айтиб ўтди.

Кенгаш президенти, шунингдек, нефть эмбаргосини қабул қилишнинг эҳтимолий вақтини эълон қилди. Унинг фикрича, ЕИ 30–31 май кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган навбатдаги саммитгача муросага эриша олади.

«Европа Иттифоқи Венгриянинг эътирозларига қарамай, келаси ҳафта Европа саммити арафасида Россия нефтига эмбарго қўйиш бўйича келишувга эришади. Менинг бу масалани Европа Кенгашигача ҳал қила олишимизга ишончим комил», — деган у.

БМТ: «Украинадаги уруш инқирозга ва 70 дан ортиқ давлатнинг дефолтига олиб келиши мумкин»

Украинадаги уруш сабаб юзага келган ва кучайган озиқ-овқат, ёқилғи ва молия соҳасидаги инқирозлар қашшоқ мамлакатларда тартибсизликларни келтириб чиқариш ва 70 дан ортиқ давлатнинг дефолтига олиб келиш билан таҳдид қилмоқда. Бу ҳақда Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури администратори Аҳим Штайнер маълум қилди.

«Биз инқироз кўламига мос келадиган тарзда жавоб беришга қўлимиздан келганича ҳаракат қилмоқдамиз. Кўпгина ривожланаётган иқтисодларда шунчаки пул қолмайди», — деган Штайнер.

Унинг сўзларига кўра, юқори инфляция ва фоиз ставкалари 70 дан ортиқ мамлакатларда дефолтга олиб келиши мумкин. Шри-Ланка оммавий норозилик намойишлари фонида аллақачон дефолт эълон қилган.

Россияга қарши санкцияларнинг 7-пакети

Тез орада Россияга қарши санкцияларнинг еттинчи пакети жорий этилади. Бу ҳақда Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк маълум қилди.

Унга кўра, чеклов чоралари доирасида Россиянинг барча банклари, жумладан, «Сбербанк» ва «Газпромбанк»ни блоклаш режалаштирилмоқда.

Bugun — LIVE