Жаҳон - 23:50 · 25.05.2022

Венгрияда Украинадаги уруш сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Венгрия бош вазири Виктор Орбан Украинадаги уруш сабабли 25 май куни соат 00:00 дан бошлаб мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилишини маълум қилди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Фото: «hang.hu»

Вазир янги ҳукумат тузилганидан сўнг дарҳол Facebook’даги саҳифаси орқали йўллаган видеомурожаатида бу бўйича маълумот берган. Орбан бу чора мамлакат ҳукуматига манёвр қилиш ва Украинадаги воқеалар оқибатларига зудлик билан жавоб бериш имконини беришини айтган.

«Ҳукумат конституцияга кўра, ҳарбий фавқулодда ҳолат эълон қилиш ҳуқуқидан фойдаланмоқда. Эпидемия (коронавирус) даврида эълон қилинган фавқулодда ҳолат каби бу ҳукуматга мамлакат ва аҳолини ҳимоя қилиш учун жавоб бериш имконини беради. Биз бир дақиқани ҳам беҳуда сарфламаяпмиз, чунки яқин атрофда уруш кетмоқда. Охирини ҳеч ким кўрмайдиган уруш. У Венгрияга доимий таҳдид солади, жисмоний, иқтисодиёт хавфсизликни юзага келтиради. Уруш ва Брюсселнинг санкциялари катта иқтисодий зарба ва нархларнинг кескин ошишига олиб келганини кўрмоқдамиз», — деган вазир.

Маълумот ўрнида, охирги марта фавқулодда ҳолат Венгрияда коронавирус пандемияси сабабли 2020 йилнинг март ойида киритилган эди.

Аввалроқ Украинада ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик муддати яна 90 кунга узайтирилганди. Шунингдек, Италия Украина учун тинчлик режасини тақдим этганди.

Bugun — LIVE