Жаҳон - 14:37 · 25.05.2022

Зеленский Россия билан музокарани тиклаш шартини айтди

Украина президенти Владимир Зеленский Россия билан музокаралар столига қайтиш масаласи ҳаиқда гапирди. Бу ҳақда у Япониянинг NHK телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Зеленский босиб олинган ҳудуд рус босқинчиларидан озод қилинмаса, ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар қийин кечишини қайд этган.

«Барча украиналиклар учун ғалаба — ҳудудимизнинг қайтиши. Албатта, ҳам Донбассдаги, ҳам Қрим ярим оролидаги бутун ҳудудимизни қайтаришимиз керак. Аввало, 24 февралдаги чегараларга қайтишни истардим. Шундан кейингина музокаралар столида бўламан», — деган Владимир Зеленский.

Шунингдек, у Украина портларининг блокадаси нимага олиб келиши ҳақида гапирган. «Россия Осиё, Европа ва Африка учун катта аҳамиятга эга бўлган 22 миллион тонна дон экспортига тўсқинлик қилмоқда», — деган у.

Украина президенти дунёни Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга чақирган. Шунингдек, Японияга Киев ва унинг суверенитетини халқаро қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирган.

Аввалроқ Зеленский Путин билан учрашиш шартини айтганди. Шунингдек, у Россия қайси томондан мағлуб бўлганини маълум қилган.

Bugun — LIVE