Жамият, Жаҳон - 21:00 · 26.05.2022

Бугун оқшоми. Ўзгариши мумкин бўлган Конституция моддалари, еврокубок ютган Шомуродов, Польшага таҳдид қилган Рамзан Қодиров

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Олтита вилоят инфратузилмаси учун 120 миллиард сўм ажратилади. Самарқандда янги махсус саноат зонаси ташкил этилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев раислигида саноат зоналари ва йирик инвестиция лойиҳалари билан боғлиқ масалаларга бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда ҳудудларда йил якунига қадар текстиль-бўёқ ва терини қайта ишлаш бўйича индустриал парклар ташкил этиш, замонавий тозалаш иншоотларини қуриш бўйича лойиҳаларни бошлаш вазифаси қўйилди. Мутасаддилар вилоят ҳокимлари билан бирга ушбу ишлар ҳисобидан 20 мингта иш ўрни яратиши, қўшимча 250 миллион доллар экспортни таъминлаши шартлиги таъкидланди.

Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилояти, Фарғона тадбиркорлари бу имкониятдан фойдаланиб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича 630 млн долларлик янги лойиҳаларни бошлаш ташаббуси билан чиққан. Уларни инфратузилма билан таъминлаш учун жорий йилда 120 миллиард сўм ажратилади. Бошқа ҳудудлардан ҳам янги лойиҳа таклифлари бўлса, улар учун яна 50 млрд сўм ажратилади.

«Ребрендингга учраган» Конституция: экологияни муҳофаза қилиш бўйича ўзгартириш киритилади. Яна нималар ўзгариши мумкин?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 26 май куни Конституциявий комиссиянинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, унда иштирокчилар ташкилий масалаларни кўриб чиқди.

Фото: «Bugun.uz»

Сенатнинг Экология масалалари бўйича қўмитаси раиси Борий Алихонов (у комиссия аъзоси ҳисобланади) сўнгги йилларда илғор хорижий давлатлар томонидан асосий ҳужжатлар ва конституцияларга экологик йўналиш мазмун-моҳияти киритилаётганини таъкидлаган.

https://t.me/bugunuzlive/41487

«Бундай шароитда бой халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, асосий қонунимизга экология ҳуқуқи нормаларини киритиш мақсадга мувофиқдир. Айтишим мумкинки, ҳозирданоқ турли йўналишлар, жумладан, экология масалалари бўйича ҳам таклифлар келиб тушмоқда. Ҳар бир инсон соғлом муҳитга эга бўлиш ҳуқуқига эга», — дея хулоса қилган эксперт.

Комиссия матбуот котиби Одилжон Тожиев Бош Қомусга киритилиши мумкин бўлган ўзгаришларга тўхталган (ва ниҳоят, озгина бўлсада шу ҳақда гапирилди). Унга кўра, қонунга ўзгартириш ва қўшимча киритиш бўйича жуда кўплаб фикр-мулоҳазалар, таклифлар (уларнинг аксарияти ижтимоий тармоқларда билдирилмоқда) Конституциянинг 13,15, 29, 37, 40, 41, 53, 78, 80-моддалари билан боғлиқ. Ушбу моддалар билан бу ерда — Конституциянинг онлайн версиясида танишиб чиқишингиз мумкин.

Энди ўша таклиф ва мулоҳазаларнинг асосий манбаси бўлиб турган ижтимоий тармоқларда яна бир савол кўп янграмоқда: ушбу ўзгаришлар Президентлик даврига оид ўзгаришларни ҳам назарда тутадими? Одилжон Тожиев бунга ҳам жавоб бер(гандек бўл)ди.

Фото: Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Унинг «Газета.uz»га маълум қилишича, у ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» партияларидан (айнан улар Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ташаббусини бир овоздан маъқуллаган) Конституциянинг 90-моддасига (унда «айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистоннинг президенти бўлиши мумкин эмаслиги» қайд этилган) ўзгартириш ёки қўшимчалар киритиш таклиф ва ташаббус тушганини эшитгани йўқ. Ҳозирча.

Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил қилади. Уларнинг энг кўпи, кутилганидек, самарқандликлар.

Фото: «Bugun.uz»

Мамлакатда 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 30 ёшгача бўлган аҳоли сони 19,6 миллион кишини ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич жами аҳолининг 55,6 фоизини ташкил қилади. Кучли учлик қуйидагича шаклланган (фақатгина шу ерларда 2 миллиондан кўп ёшлар бор): Самарқанд вилояти (2 миллион 342минг 677 нафар), Фарғона вилояти (2 миллион 130 минг 346 нафар) ва Қашқадарё вилояти (2 миллион 15 минг 267 нафар).

Мана шундай ёшлардан икки нафари Facebook’дан 3 млн долларлик инвестиция олади.

Қорақалпоғистонлик Бекназар Абдикамолов ва Азиз Муртазоев сингапурлик ҳамкори Жастин Ким билан биргаликда Ами руҳий саломатлик бўйича стартап ишга тушириш учун Meta (Facebook) грантини қўлга киритди. Инвестициялар ҳажми 3 миллион долларни ташкил этди.

Лойиҳа руҳий саломатлик хизматини янада қулайроқ қилиш учун онлайн маслаҳат сеансларини ўз ичига олади. Бу Осиё мамлакатларидаги бизнес эгаларига ўз ходимларининг руҳий саломатлигини яхшилаш имконини беради.

Эсда қоларли битирув кечаси: Бухоро шахридаги 19-мактабда ўқувчи фахрий ёрлиқ берилмагани учун директорга сув сепди.

Мактабда ўтказилган битирув кечасида «юрагида ўти бор» 11-синф ўқувчиси унга фахрий ёрлиқ берилмаганидан норози бўлиб, директорнинг устига сув сепиб юборган.

https://t.me/mobilmuxbiruz/1146

Ҳолат бўйича ўқувчининг ота-онаси билан фарзанди ҳатти-ҳаракатлари юзасидан ИИБ томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. ХТБ мазкур ҳолат юзасидан ўрганишлар натижаси бўйича қўшимча маълумот беради ва тегишли қонуний чораларни кўради.

Бу ўқувчи битирув кечасини эсда қоларли қилиш керак деган тавсияларни нотўғри талқин қилган, чоғи, мана шундай ноодатий йўл тутибди. Буни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Агар шу ўқувчи ростдан ҳам фахрий ёрлиққа (ўзи нима қилиб беради у, шу ишни қилишга арзийдими?) муносиб бўлсаю, берилмаган бўлса, бу ишидан кейин умуман берилмагани яхши.

Элдор Шомуродов — еврокубок ютган илк ўзбекистонлик футболчи. «Рома» Конференциялар Лигаси чемпиони бўлди.

Фото: «Getty Images»

Европа Конференциялар лигаси финалидан ўрин олган «Рома» ва «Фейеноорд» ўйинида римликлар кичик ҳисобда ғалаба қозонди. Учрашувдаги ягона голга Заньоло муллифлик қилди.

Учрашувнинг 88-дақиқасида Элдор Шомуродов захирадан майдонга туширилди ва еврокубоклар финалида майдонга тушган ва уни қўлга киритган биринчи ўзбекистонлик футболчига айланди.

Ушбу ғалабадан кейин Шомуродов ўз Instagram саҳифаси орқали муҳлисларга салом йўллади. У энг яхши ўйинчиси деб топилган Крис Смоллинг билан тушган суратини жойлади ва «Ухламаганларга салом», — дея изоҳ қолдирди.

Скрин: Instagram / @Shomurodov.Eldor

Хўш, оламда нима гап?

Рамзан Қодиров Польшага ҳужум қилиш билан таҳдид қилди. У бунинг учун олти сония етишини айтди.

Фото: «РБК»

Унинг фикрича, мамлакат фуқаролари Россиянинг Поьлшадаги элчиси Сергей Андреевга қизил бўёқ қуйгани учун расман узр сўраши ва Украинага етказилган қуролларни қайтариб олиши керак.

«Агар бирор киши ёки давлат нотўғри бўлса, доим шундай бўлади. Украина аллақачон ёпиқ масала. Мени Польша, улар нимага эришмоқчилиги қизиқтиради. Украинадан кейин жамоа бўлса, 6 сония ичида нимага қодирлигимизни кўрсатамиз. Яхшиси қуролларингизни ва ёлланма аскарларингизни олинг. Элчимиз учун кечирим сўранг», — деган Қодиров.

Шунингдек, у Польша Россия билан «жуда ёмон ўйинлар» бошлаганини таъкидлаган. Чеченистон раҳбари Польша NATO’да эканини эслатиб, яна бир бор Россия президенти Владимир Путинни қўллаб-қувватлаган.

«Шунчаки, унинг айтган сўзлари биз учун буйруқдан баландроқ. Тарихни ўқинг — Россия ҳар доим барча урушларда ғалаба қозонган», — дея хулоса қилган у.

Бугун билан яшанг. «Бугун» билан яшанг.

Bugun — LIVE