Бухоро, Иқтисод - 11:01 · 26.05.2022

Бухорода «Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш халқаро форуми» бошланди

Бухоро шаҳрида 26 май куни «Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш халқаро форуми» бошланди. Бу ҳақда форум очилиш маросимида қатнашаётган «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Форум очилиш маросимида дастлаб Президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Равшан Ғуломов Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига мурожаатини ўқиб эшиттирди.

Шундан сўнг, Бош вазир ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров нутқ сўзлади.

«Бугунги форум Ўзбекистонда ислоҳотларнинг янги босқичида камбағалликни қисқартириш мавзусини муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш мақсадида халқаро ташкилотлар, ҳамкор давлатлар ҳамда дунёнинг таниқли олим ва экспертларини ягона мулоқот платформасига жамлангани билан муҳим аҳамият касб этади», — дейди Жамшид Қўчқоров.

Шунингдек, очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ҳам сўзга чиқиб форум ишига муваффақият тилади.

«Форум ишига катта муваффақият тилайман. Бухоро вилоятида сиз амалга оширилган ишларни бевосита жойларга чиқиб ўрганиш имкониятига эга бўласиз», — дейди Ботир Зарипов.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябрь куни ҳудудларда камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлашга оид йиғилиш бўлиб ўтиши ҳақида хабар берилганди. Президент мажлисда 2022 йилда соҳада кўриладиган қатор чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берган.

Bugun — LIVE