Жаҳон - 16:28 · 26.05.2022

Маймунчечак қайси давлатларда тарқалиши мумкин?

Бельгиялик олимлар маймунчечакнинг геномини ўрганиб, вирус Европа бўйлаб тарқалишини маълум қилди. Бу ҳақда «Известия» хабар берди.

Фото: «NDTV»

Мутахассислар тадқиқотида Португалияда бўлиб қайтган 30 ёшли эркакни ўрганган, у 13 май куни поликлиникага папулалар ва катталашган лимфа тугунлари шикояти билан борган. Унинг шеригида ҳам шунга ўхшаш аломатлар кузатилган.

Дастлаб улардан олинган намунада тестлар герпес ва сифилисни қўзғатувчи вирусга салбий чиққан. Бироқ Европада маймунчечак ҳолатлари ҳақида огоҳлантиришлардан сўнг, беморда ушбу касалликнинг қўзғатувчиси учун тест ўтказилган, натижа эса ижобий бўлган. Олимлар вирус геномининг 98,9 фоизини қайта тиклашга муваффақ бўлган.

«Дастлабки филогенетик таҳлил шуни кўрсатадики, олинган геном Ғарбий Африканинг маймунчечак гуруҳига тегишли ва яқинда Португалияда касалликнинг тарқалишига сабаб бўлган геном билан чамбарчас боғлиқ. У хасталикнинг Европада сезиларли даражада тарқалишига ҳисса қўшган», — деган тадқиқотчилар.

Расмий маълумотларга кўра, Европа ва Шимолий Америка мамлакатларида май ойида одамларда маймунчечак билан касалланган юзга яқин ҳолат аниқланган. 21 май куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёнинг 12 мамлакатида 92 та ҳолатни қайд этган. Бироқ ҳозирги кунга маймунчечак аниқланган давлатлар сони кескин ошган.

Аввалроқ дунёда одамлар орасида тарқалаётган маймунчечак касаллиги ҳақида маълумот берилганди. Шунингдек, маймунчечакнинг асосий учта аломати санаб ўтилган.

Bugun — LIVE