Жамият - 18:00 · 26.05.2022

Нима учун россияликлар ўзбек тилини ўрганмоқда?

Россиянинг асосий лингвистик университети ҳисобланган Москва давлат лингвистик университети (МДЛУ) қошида 2022 йилнинг апрель ойида Ўзбек тили ва маданияти маркази очилди.

Ўзбек тили узоқ вақтдан бери Москва давлат лингвистика университети, Москва давлат университетининг Осиё ва Африка тадқиқотлари институтида, Москва давлат халқаро муносабатлар институти ва Россиянинг турли ўқув марказларида талабаларга ўқитилиб келинмоқда.

«Саховат» жамғармаси ижрочи директори Баҳром Бахтиёрович Исмоилов нега руслар ўзбек тилини ўрганаётгани, Ўзбекистон маданияти ва тилига қизиқиш жиддий ошиб бориши мумкинлигини тушунтирди.

– Бугун Москвадаги етакчи университет қошида ўзбек тили ва маданияти марказининг ташкил этилиши нима учун долзарб деб топилди, ўзбек тилига бўлган талаб ва умуман, бундай Марказ ғояси нимадан иборат?

— Россиянинг кўпгина институт ва университетларида ўзбек тили ҳақиқатдан ҳам ўқитилади. Аммо Москва давлат лингвистик университети ихтисослашган муассаса сифатида тил ўрганишда академик ёндашувга ихтисослашган. Бу ерда ўзбек тили ва маданияти марказининг пайдо бўлиши, авваламбор, тилга бўлган қизиқиш йилдан-йилга ортиб бораётгани билан боғлиқ. Бу нафақат Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий ҳамкорлик, балки иқтисодий ва бизнес манфаатларини ҳам ўз ичига олади.

Россия ҳудудида МДҲнинг уч миллионга яқин ўзбек тилида сўзлашувчи фуқаролари бор. Улар Россиядаги хизматлар истеъмолчиси, товарлар харидори саналади. Бугунги кунда бизнес мақсадида ушбу уч миллион аудитория учун тушунарли тилда маҳсулотни яратиш ва таклиф қилиш янада долзарб бўлиб қолмоқда. Бу одамларнинг аксарияти Россиядаги иқтисодий ҳаётга жалб қилинган меҳнат муҳожирларидир.

Улар иш ҳақининг бир қисмини ватанига жўнатади, бир қисмини эса Россияда сарфлайди. Бу рус бизнеси учун қизиқ бўлган истеъмолчилар ҳисобланади. Бошқа томондан, Россия фуқаролари келажакда бу йўналишда ишлаши учун Марказий Осиёдаги энг кенг тарқалган тиллардан бирини ўзлаштириш имконияти мавжуд. Биласизки, Россия Ўзбекистонни кўп миллионли товар ва хизматлар бозорига эга стратегик ҳамкор сифатида билади.

Шундай экан, ўзбек тилини билиш тадбиркорнинг Ўзбекистон, Қирғизистон ва келажакда Афғонистон ҳудудида товар ва хизматларни илгари суриш қобилиятини сезиларли даражада оширади.

— Ўзбек тилини ўрганаётган россияликнинг портретини чизсангиз, у ким? Улар минтақашунос талабаларми, бизнес соҳасими ёки Ўзбекистон маданияти, тарихи билан қизиқувчиларми?

— Бугунги кунда тилни билиш сифати бўйича биринчи ўринда Ўзбекистон ва Марказий Осиёни ўрганишни ўз ихтисослиги сифатида танлаган минтақашунослар турибди. Лекин ҳозирданоқ бизнес учун ўзбек тилини ўрганаётганлар фоизи ортиб бораётганини кўриш мумкин. Худди шундай, ўзбек тилини ўрганиш, Шарқ маданиятига қўшилиш истагида бўлган россияликлар сони ортиб бормоқда.

– Нима учун «Саховат» жамғармаси Марказнинг ташкил этилишини қўллаб-қувватлади?

— «Саховат» жамғармаси Россия ҳудудида жойлашган Ўзбекистон фуқароларини қўллаб-қувватлаш, жумладан, уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилашга қаратилган. Бизнинг фикримизча, Россияда ўзбек тилининг ролини кучайтириш, ўзбек маданияти ва қадриятларини тарғиб қилиш Россия истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари аҳволига фақат ижобий таъсир кўрсатади.

Ўзбек тилини яхши билган руслар меҳнат муҳожирларни, уларнинг маданияти ва урф-одатларини яхши тушунади. Бу миллатлараро тотувлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Марказда маданий тадбирлар ўтказилади, ўзбек тилини ўрганиш бўйича ўқув-услубий база ишлаб чиқилади.

– Ўзбек тили ва маданияти маркази ғояси қандай гавдаланди, уни ким қўллаб-қувватлади, кимлар тарғиб қилди?

– Марказни ташкил этиш ташаббуси Ўзбекистон ва Россия илмий доираларидан чиқди. Ташаббус Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси МДҲ ташкилий қўмитаси ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланди. Ўзбекистоннинг Россиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадовнинг ҳам шахсий ҳиссаси бор.

Фондимиз Марказга моддий-техник ёрдам кўрсатишга муваффақ бўлди. XXI асрда таълим жараёни бугунги куннинг барча технологияларига мос равишда техник жиҳатдан таъминланиши керак. «Саховат» хайрия жамғармаси сифатида ушбу Марказ учун ускуналар сотиб олиб, совға қилди ва келажакда ёрдам беришга тайёр.

Bugun — LIVE