Жамият - 14:04 · 26.05.2022

Ўзбекистон Конституциясига экологияни муҳофаза қилиш бўйича ўзгартириш киритилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 26 май куни Конституциявий комиссиянинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, унда иштирокчилар ташкилий масалаларни кўриб чиқди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Комиссия аҳолини хабардор қилиш мақсадида Конституцияга киритилган ўзгартиришларнинг ахборот базаси билан ҳам шуғулланади.

«Бу халқ Конституцияси. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан тушаётган таклифларни инобатга олиб, уларни тизимга солиб, мутахассислар, олимлар, комиссия аъзолари кўриб чиқиши учун таклифлар ишлаб чиқишимиз ва келгусида умумхалқ муҳокамасига қўйишимиз керак», — дейди Борий Алихонов.

Комиссия аъзоси сўнгги йилларда илғор хорижий давлатлар томонидан асосий ҳужжатлар ва конституцияларга экологик йўналиш мазмун-моҳияти киритилаётганини таъкидлаган.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш борасида алоҳида ишлар амалга оширилмоқда.

«Бундай шароитда бой халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, асосий қонунимизга экология ҳуқуқи нормаларини киритиш мақсадга мувофиқдир. Айтишим мумкинки, ҳозирданоқ турли йўналишлар, жумладан, экология масалалари бўйича ҳам таклифлар келиб тушмоқда. Ҳар бир инсон соғлом муҳитга эга бўлиш ҳуқуқига эга», — дея хулоса қилган эксперт.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон Либерал-демократик партияси» фракцияси депутатлари Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклиф билан чиққанди.

Қонунчилик палатасида 17 май куни «ЎзЛиДеП» ва «Миллий тикланиш» фракцияларининг қўшма йиғилиши ўтазилган. Унда депутатлар Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ташаббусини бир овоздан маъқуллаган.

«Миллий тикланиш» партияси етакчиси, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров 17 май куни бўлиб ўтган фракциялараро йиғилишда Конституцияни ўзгартиришга доир қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилиши борасидаги саволга жавоб берганди.

Bugun — LIVE