Сиёсат - 15:55 · 26.05.2022

Ўзбекистон Конституциясининг қайси моддалари ўзгартирилиши мумкин?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 26 май куни Конституцион комиссиянинг биринчи ишчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда асосий қонунга киритилиши мумкин бўлган ўзгартиришлар тўғрисида маълумот берилди.

Фото: Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Комиссия матбуот котиби Одилжон Тожиев хабарига кўра, конституциявий ислоҳотлар жараёни бошланганидан бери аҳоли ва кенг жамоатчилик томонидан қонунга ўзгартириш ва қўшимча киритиш бўйича жуда кўплаб фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилмоқда.

Қайд этилишича, уларнинг аксарияти ҳозирча ижтимоий тармоқларда билдирилган. Аниқроқ айтилганда, таклифлар Конституциянинг 13,15, 29, 37, 40, 41, 53, 78, 80-моддалари билан боғлиқ.

  • Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши;
  • Конституциянинг олий юридик кучга эга бўлиб, тўғридан-тўғри амал қилиши;
  • Ҳар кимнинг ахборот ресурслари, коммуникация технологиялари ва интернетдан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги;
  • Давлатнинг аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлаш мажбурияти;
  • Давлатнинг ишсизлик ва камбағалликни тугатиш учун ўзининг барча имкониятларидан фойдаланиш мажбурияти;
  • Ҳар бир инсоннинг соғлом ва қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний ахборотга эга бўлиш ҳамда ўз соғлиғига ёки мулкига экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эгалиги;
  • Давлат хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳит ҳамда шароитларни таъминлаши, иқтисодий фаолиятда инсофсиз рақобатга, монополлаштиришга йўл қўйилмаслиги ва бошқалар шулар жумласидандир.

Аввалроқ Конституцион комиссия аъзоси Борий Алихонов асосий қонуннинг атроф-муҳит муҳофаза билан боғлиқ моддалари ўзгартириш киритилиши мумкинлигини маълум қилганди.

Bugun — LIVE